Жазо ўзгартирилиб тадбиркорларга имконият берилди

Жазо ўзгартирилиб тадбиркорларга имконият берилди

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Зеро, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади, янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳоли бандлигини таъминлайди.

Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини кенг миқёсда молиявий қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни даромадли меҳнат билан банд қилишга йўналтирилган дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар ажратиб келинмоқда.

Аммо шундай бўлишига қарама айрим уддабурон тадбиркорлар содда фуқароларни алдаб уларнинг ишончига кириб кредит олиб бериб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб беришда кўмаклашишни айтиб, алдаб олинган кредитларни ўз мақсадларида йўлида ишлатиб юборишмоқда.

Шундайлардан, бири “Yashnarbek Osiyo Baraka” МЧЖ раҳбари Я.М. шериги У.Э. билан ўзаро жиноий тил бириктириб МЧЖ ва фуқаролар ўртасида шартнома тузиб имтиёзли кредит маблағлари эвазига иссиқҳона қуриб беришга келишиб кредит чиқаришган.

2020 йил октябрь ойида шартнома тузиб, ушбу шартнома асосида ҳақиқатда маҳсулот етказиб бермаган бўлса-да, шу куни маҳсулот етказиб берганлиги ҳақида ҳисоб-варақ фактурани сохталаштириб, АТ “Халқ банки” Поп туман филиалига кредит ажратиш учун ариза билан тақдим этиб, ушбу ҳужжатлар асосида 36 ой муддатга, йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 29.860.000 сўм имтиёзли кредит маблағини таъминотчи сифатида “Yashnarbek Osiyo Baraka” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб, пул маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Бундан ташқари “Yashnarbek Osiyo Baraka” МЧЖ раҳбари Я.М. яна бир фуқароини ишончига кириб, юқоридаги каби шартнома асосида ҳақиқатда маҳсулот етказиб бермаган бўлса-да, шу куни маҳсулот етказиб берганлиги ҳақида ҳисоб-варақ фактурани сохталаштириб, АТ “Халқ банки” Поп туман филиалига кредит ажратиш учун ариза билан тақдим этиб, ушбу ҳужжатлар асосида АТ “Халқ банки” Поп туман филиалидан 29.580.000 сўм имтиёзли кредит суммасини “Yashnarbek Osiyo Baraka” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказишга эришиб, пул маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Шу йўл орқали “Yashnarbek Osiyo Baraka” МЧЖ раҳбари Я.М. ва шериги У.Элар яна 7 нафар фуқаролар номига ажратилган жами 209.229.000 сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

“Yashnarbek Osiyo Baraka” МЧЖ раҳбари Я.М. ва шериги У.Э.лар юқорида қайд этилган жиноят ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этишган.

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан ушбу жиноят иши кўриб чиқилиб, зарарлар қопланмаганлиги учун “Yashnarbek Osiyo Baraka” МЧЖ раҳбари Я.Мга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 59,61-моддалар тартибида узил-кесил 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш, унинг шериги У.Э.га эса узил-кесил 2 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Я.М. ва У.Элар тайинланган жазодан ўзларига тўғри хулоса чиқариб, зарарни тўлиқ қоплаб, Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти ва  туман прокурори томонидан апелляция тартибида протест киритилган.

Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати маҳкумларнинг шикоятлари ва туман прокурорининг протестига асосан Я.М. ва У.Э.га оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиб, жиноят оқибатида етказилган  зарарлар судланувчиларнинг яқин қариндошлари томонидан тўлиқ қопланганлиги саббали, уларга нисбатан суд ҳукми билан тайинланган озодликдан махрум қилиш жазосини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартириб, суд залида қамоқдан озод этиб, тадбиркорлик фаолиятларини тўғри, қонуний олиб боришлари учун имконият яратди.

Шухратжон Ахмедов,

Наманган вилоят судининг судьяси

Теглар:
×