Демак, афсона! Олимлар Лох-Несс махлуқининг мавжудлиги борасида ҳеч қандай далил топа олишмади

Демак, афсона! Олимлар Лох-Несс махлуқининг мавжудлиги борасида ҳеч қандай далил топа олишмади

Янги Зеландиядаги Отаго Университети олимлари “Лох-Несс махлуқи” борасида ўтказилган ўз тадқиқотлари натижасини эълон қилишди. Тадқиқот муаллифи генетик Нил Геммелнинг айтишича, Лох-Несс кўлида яшаши даъво қилинган жонзотнинг ҳеч қандай изи топилмаган. Бу ҳақда Янги Зеландиядаги 1 NewsNow нашрихабар бермоқда.

Генетик ўз тадқиқотини ўтган йили бошлаган,  у Лох-Несс кўлидан топилган барча ДНК намуналарини ўрганиб чиқиб, сув ҳавзасининг биохилмахиллик харитасини тузган. Унинг сўзларига кўра, тадқиқот бошлангунича олимлар жамоасида кўлда ҳалигача ўша афсонавий махлуқ яшаётганини исботлаши даъво қилинган 4 мингга яқин назария бўлган. Тадқиқот жараёнида олимлар бу назарияларнинг барчасини рад этишган, фақат битта назария қолган.

Геммелнинг таъкидлашича, олимлар кўлнинг турли нуқталаридан 250 дан ортиқ сув намуналарини олишган. Унда яшовчи барча жонзотлар тери қолдиғи, тана пўстлоғи, тезак ёки пешоб тарзида ўз ДНКсини қолдирган. Генетиклар бу сув намуналарни ўрганиб, 500 миллиондан ортиқ генларни аниқлашган. Уларнинг ҳаммаси қайта таҳлил қилинган, мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирилган.  Иш натижаларига кўра олимлар шундай хулосага келишди: афсонавий махлуқни кўрганини даъво қилувчилар аслида йирик илон билан тўқнаш келган. Олимлар тўплаган маълумотларда балиқларнинг ҳажми ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, аммо Геммелнинг ҳисоблашича, Лох-Нессда яшовчи илоннинг узунлиги 1,8 метрга етади.

Лох-Несс махлуқи (Несси) – шотланд афсонасига кўра Лох-Несс кўлида яшовчи улкан жонзот. Бу жумбоқли махлуқ ҳақидаги илк қайдлар VI асрга тегишли бўлиб, унинг мавжудлиги борасида гувоҳлик берадиган илк ҳужжат Генерал Уэйд кўлнинг жанубьий қирғоғида йўл қурдирган даврга, XVIII асрга тегишли. Махлуқ мавжудлиги ҳақидаги назария тарафдорларинг кўпчилиги у плезиозаврнинг судралиб юрувчи шакли бўлган, деб ҳисоблайди. Бироқ ўтган йилларда олиб борилган кузатувларда бу махлуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи биронта ашёвий далил, ёки унинг жасади топилмади.

×