«15 ёшимда аравакашлик қилардим» — оғир вазиятни «айти» кўмагида ўзгартира олган йигит ҳикояси

«15 ёшимда аравакашлик қилардим» — оғир вазиятни «айти» кўмагида ўзгартира олган йигит ҳикояси

19 ёшида у SMM бўйича мутахассис ва IT-Марказ ўқитувчисидир.

Қаҳрамонимизнинг ўсмирлиги осон кечмаган. Онасига оиланинг тўрт нафар аъзосини боқишга ёрдам бериш мақсадида 15 ёшида бозорда аравакашлик қила бошлайди, чунки улар боқувчисиз қолишган эди.

Даромаднинг бошқа турини топишга қарор қилиб, у янги касбларни синаб кўришга қарор қилди ва IT соҳасига қизиқиб қолди, бу унга муваффақиятли мутахассис бўлишига ёрдам берди.

Кўриб турганингиздек, IT ҳар бир инсон ўзини топа оладиган ва ҳаётини ўзгартира оладиган соҳадир.

Қуйида Шохруҳнинг ҳикоясини тинглаймиз:

«Оилада 3 фарзандмиз: 2 нафар опам ва мен. 14-15 ёшларимдан бери ота меҳрига зор бўлиб улғаяман. Кўнгли ўксимасин деб, онам бизга ҳам ота, ҳам она бўлиб катта қилдилар. Болаларим ҳеч нарсага зориқмасин, деб ўзларини ўққа-чўққа урар эдилар. Ҳали ҳамон эсимда ўша қаҳратон қиш кунлари… онам бизга «едирай, ичирай» деб ҳар ишга бош урарди.

Онам бошидан ўтказаётган қийинчиликларни кузатар эканман, ўзимга вада бердим: Ман эркак кишиман, эркак сифатида оиламга ёрдам беришим, ишлашим керак.

Шу бўйи 15 ёшимда бозорга чиқдим ва аравакашлик қила бошладим. Қилаётган ишимдан ҳеч ҳам уялмасдим. Хаёлимда «мен оиламга ёрдам беришим керак» деган фикр айланарди.

Ҳаёт шу маромда давом этар эди. Ҳар куни кунлик ишларга чиқардим, қаерда яхши пул тўлашса, нима иш бўлса ўша ерга борардим, мени ҳеч ким «ишла, пул топ» деб мажбурламаган.

Уйда онамнинг топганини еб ётишга уялардим.

Кечалари кўмир ортишга борардим. Опаларим «борма, кечалари ёлғиз юрма» деса ҳам қайсарлик қилиб, уйдан қочиб чиқиб кетардим ва эрталаб азонда соат 4-5 га яқин устим қоп қора кўмирга беланиб кириб келардим.

8-синфда ўқиган кезларим бир оғайним инглиз тили тўгарагига қатнашишни таклиф қилди. Бошида рад этдим, «қизиқмиман барибир ўрганолмайман» деб айтдим. Лекин у барибир мажбурлаб олиб борди. Тўғриси, менга инглиз тили тўгараги биринчи кундаёқ ёқиб қолди. 4 йил инглиз тилини ўргандим.

Ягона мақсадим — олий ўқув юртига кириш эди. Уйдагиларим, онам, опам ва бувим доим «Университетга кириб олий маълумотли бўлсанг, яхши касб эгаси бўласан» деб уқтиришар эди.

Тўғриси, мактабда яхши ўқимас эдим, қўпол қилиб айтганда, мактабни «коридорда» битирганман. Фақатгина инглиз тилига меҳрим бошқача эди. Унга астойдил қизиқардим ва ўрганишга ҳаракат қилардим.

11-синфни битириб, унверситетга ҳужжат топширдим. Афсуски, имтиҳондан йиқилдим. Ўша вақти дунё кўзимга қоронғу бўлиб қолди. Ахир 4 йил инглиз тилини ўқиб ҳам ўқишга киролмадим. Тушкунликка тушиб қолдим. Энди келажагим нима бўлади, қандай пул топаману, оиламни қандай боқаман деган савол қийнарди.

Шу воқеалардан сўнг онлайн тарзда пул топишга қизиқиб қолдим ва изланишни бошладим. Инстаграмда ва ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар, IT соҳаси мутахассисларининг фаолиятини кузатишни бошладим. Кунлардан бир кун ҳаётимни ўзгартириб юборган 3 та мўъжизавий ҳарфга кўзим тушди. Бу SMM мутахассислиги эди. Ушбу йўналиш ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди.

Хуллас, «айти» соҳаси бўлмиш SMM нима эканлигига жуда қизиқиб, уни қаерда ўрганса бўлар экан деб турли жойларни қидириб чиқдим.

«Айти» соҳаси ўқув марказларида ўқитилишини билиб олдим ва Ангрен шаҳридаги барча ўқув марказларига бориб кўрдим. Қайсисига бормай, барчаси рад жавобини берарди. Ҳаттоки «Айти нима» деб сўраганимда «билмаймиз» деганлар ҳам бўлди

Кейин Ангренда IT-парк кўмагида марказ очилгани ҳақида эшитиб қолдим ва ўша ерга боришга қарор қилдим.

IT-марказда яхши бир яхши инсонни учратдим. Улар ёрдамларини аямай, менга IT нима эканлигини, бу соҳа орқали қандай даромад олиш мумкинлигини, хуллас, барчасини ипидан игнасигача ўргатдилар.

IT-парк туфайли ўзимга керакли билимга эга бўлдим. Мана вақт ўтиб, яхши даромад оладиган мутахассисга айландим.

Энди эса ўзим каби ҳаёт қийинчиликларига дуч келган, ўқийман деган болаларга SMM йўналиши бўйича билим олишлари учун ёрдам бериб келяпман.

Талабаларимга ҳамиша такрорлайман: университетга киролмасангиз, бу «ҳаммаси тугади» дегани эмас. Орзу ва мақсадларингизга эришиш учун имкониятлар талайгина, фақат хоҳиш ва тиришқоқлик бўлса бас. «Айти» йўналишини танлаб, дипломсиз ҳам яхши касб эгасига айланишингиз мумкин дея уқтираман.

Ҳаммага эса маслаҳатим – олди-қочди нарсаларга қимматли вақтингизни сарфламасдан замонавий касбларни жамлаган «айти» соҳасини танланг. Қунт билан ўқиб-ўрганиб, ўз ишингиз устаси бўлсангиз, ишонч билан айтаманки, ҳеч қачон кўчада қолмайсиз. Мақсадингиз йўлида фақат олға интилинг ва ҳеч қачон бўш келманг».

×