Тошкент шаҳрининг 12 та туманида махсус COVID поликлиникалари фаолият бошлади. Улар ҳар куни 24 соат давомида ишлайди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сўнгги кунларда дунёда коронавирус инфекцияси яна авж олди. Айниқса, касалликнинг Omicron штамми сабабли қатор мамлакатларда вазият анча таҳликали. Шу сабабли кўплаб давлатлар кескин карантин чораларини қўллаш орқали мураккаб вазиятни изга солишга уринмоқда.
Юртимизда ана шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, хусусан, коронавирус инфекцияси аниқланган, бироқ хасталик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш, уларга амбулатор ва уйига борган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида кунлик кўрсаткичлар сезиларли даражада ошиб бораётган Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 1 тадан махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилди.
Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган 4 та диспансер ҳамда 8 та оилавий поликлиника биносида иш бошлаган мазкур муассасалар аҳолига ҳар куни 24 соат давомида хизмат кўрсатади. Ҳар бир муассасага шифокорлар билан бир қаторда, тиббиёт олий ўқув юртларининг етакчи мутахассислари ҳам жалб қилинган.
Шунингдек, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород конденсаторлари, пульсоксиметр, экспресс-тест, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритмалар билан таъминланган.
Мурожаат қилган беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсия ва коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган «COVID-box»лар берилади. Беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан махсус шифохонага юборилади.
Бундан ташқари, коронавирус касаллигига қарши эмлаш ишларини самарали олиб бориш мақсадида пойтахтимиздаги 12 та кўп тармоқли ва 66 та оилавий поликлиникаларда махсус мобиль бригадалар фаолияти ҳам йўлга қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони шиддат билан ошмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида вазият мураккаблашиб бормоқда.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда қурилаётган ер-усти метроси учун Россиядан янги метро вагонлари сотиб олинди
Наманганлик аёл 30 000 сўм учун жирканч ишга қўл урди
Расман! ИИВ Қорақалпоғистондаги намойишлар юзасидан баёнот берди
Наманганда Нексия автомобили 30 нафар йўловчиси бўлган автобусга бориб урилди
Шавкат Мирзиёев «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гул қўйди (ФОТО)