У Хитой атрофида 14 давлатни бирлаштиради.
2022 йил 1 январдан бошлаб тарихдаги энг йирик савдо келишуви кучга кирди. У сайёрадаги ҳар учинчи одамнинг даромадлари ўсишига кўмак ҳамда глобализация тарафдорларига жаҳон савдоси жонланишига умид бериши мумкин.
RCEP – Regional Comprehensive Economic Partnership (Минтақавий кўп томонлама иқтисодий ҳамкорлик) келишуви Хитой ҳамда Осиё-Тинч океани минтақасидаги кўплаб йирик иқтисодиётларни, хусусан, Жанубий Корея, Япония ва Австралия каби 15 мамлакатни бирлаштиради. Дунёнинг АҚШ ва ЕИдан кейинги учинчи иқтисодиёти бўлган Хитой ўз тарихида ҳеч ким билан, айниқса, ашаддий рақобатчиси бўлган Япония билан бу каби кўп томонлама савдо келишувига эришмаган эди.
Шу билан бирга 2020 йил ноябрида имзоланган ушбу шартнома Пекиннинг асосий хомашё етказиб берувчиси бўлган Австралия билан муносабатларнинг совуқлашишига халал бермади. Хитой Канберранинг Covid-19 келиб чиқиши бўйича суриштирув ўтказиш талабини оғир қабул қилди ҳамда ҳозирга қадар Австралия кўмир, ғалла, гўшт ҳамда виноларига нисбатан бойкот жорий этиб келади.
Шундай бўлса-да, янги савдо блоки Пекиннинг дунёдаги сиёсий позициясини кучайтиради. У ўзининг асосий рақиби ақш, энг аввало унинг собиқ президенти Дональд Трамп туфайли энг йирик келишув марказида бўлиб қолди.
Гап шундаки, RCEP ташкил этилиши тўғрисида музокаралар кетаётган бир пайтда унинг йирик иштирокчилари Япония, Австралия ва Янги Зеландия Вашингтон билан бунданда илғор савдо блоки тузиш бўйича иш олиб бораётганди. Агар бу лойиҳа ишга тушганда, нафақат АҚШ, балки Шимолий Американинг бошқа давлатлари, хусусан, Канада ҳам унда иштирок этган бўларди.
Аммо Трамп бу ғояни рад этди ва АҚШни музокаралардан олиб чиқди. Бу эса RCEP ташкил этилишини тезлаштирди.
Келишув Осиёдаги савдо ҳамкорларининг ўзаро бозорларига киришига ва товарларга қўйилган бож миқдори камайишига ёрдам бериши мумкин. Бу эса ўз навбатида иқтисодий ўзиш ва турмуш тарзи ошишига олиб келади. RCEP бошқа давлатлар учун очиқ блок, энг аввало унга Ҳиндистон қўшилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, қанчалик йирик бўлмасин, унда айрим нозик жиҳатлар мавжуд. У Лаос каби камбағал ва Янги Зеландия каби бой, Хитой каби коммунистик ва Япония каби пост-империал турли иқтисодиётларнинг мураккаб интеграцияси йўлидаги дастлабки қадам ҳисобланади. У сайёрадаги бошқа катта эркин савдо зоналарига нисбатан мустаҳкам асосларга эга эмас.
Хусусан, ушбу келишув ишчилар ҳуқуқи масаласига тўхталмайди. Шунингдек, турли давлатларга атроф-муҳит ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга турлича ёндашишга рухсат беради.
“Cавдо келишуви ҳақиқатдан ҳам жуда йирик, уни тузиш бўйича музокаралар қарийб ўн йил давомида олиб борилди. Аммо унинг аъзо давлатлар иқтисодиётига таъсири чегараланган. Сабаби уларнинг аксарияти бошқа савдо иттифоқларига аъзо.
Аммо RCEP’нинг фарқ қилувчи жиҳатлари ҳам бор: у мураккаб дипломатик алоқаларга эга давлатларни, масалан, Хитой ва Японияни ўзида бирлаштирган”, – дейди BBC’нинг Осиёдаги бизнес мухбири Марико Ой.
Бундан ташқари, RCEP давлатларга савдо сиёсатининг бир қисмини мустақил ҳал қилишга монелик қилмайди. Бу шуни англатадики, Япония ёки Хитой бундан кейин ҳам ўз ички бозорини турли божлар билан ҳимоя қилиши ва келишувда белгиланган эркин савдони чеклаши мумкин. Можароларни ҳал қилишнинг умумий механизми ҳам ишлаб чиқилмаган.
Тасодифий хабарлар
“Ловия” ўғрисига жазо тайинланди
Президент автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди
Коронавирусга чалинган абитуриентлар бу йилги тест синовларига қўйилмайди!
6-синф ўқувчисини ўғирлаб, зўрламоқчи бўлган эркак қўлга олинди
Ўзбекистон ва Қирғизистон ММА жангчилари Москвада катта жанжал уюштирди