Ўзбекистон ва Эрон имтиёзли савдони йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон ва Эрон имтиёзли савдони йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон ва Эрон имтиёзли савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни жадаллаштирмоқчи. Бу ҳақда жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Эрон Ислом Республикасининг иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти Муҳсин Резаий билан видеоконференция шаклида ўтказган музокаралари чоғида айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, музокарада инвестициявий ҳамкорлик соҳасига эътибор қаратилиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, фармацевтика, электротехника, кимё ва енгил саноат соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланган. Янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорларни излаб топиш юзасидан келишувга эришилган.

“Ўзаро савдо соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон-Эрон савдо айланмасининг ижобий динамикаси, жумладан, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 74,4 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси устида олиб борилаётган ишларни кучайтиришга келишиб олдилар”, дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.

Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилган.

Яқин келажакда қатор икки томонлама тадбирлар, жумладан, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан Эрон ўртасида инвестициялар, саноат, савдо ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишилган.

×