17 декабрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Саудия Арабистонининг «Acwa Power» компанияси билан Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак ва Беруний туманларида қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси асосида электр энергиясини сотиб олиш Битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Дунё АА хабар берди.
Тадбирда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев, «Acwa Power» компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича вице-президенти Том Терлинк, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг департамент директори Аида Сидиқова ва Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов иштирок этди.
Ўзбекистон энергетика вазирлиги томонидан ўтказилган танловда 2021 йил 16 сентябрь куни энг қуйи тариф таклифи билан Саудия Арабистонининг «Acwa Power» компанияси ғолиб деб эълон қилинган эди.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 110 миллион доллар бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати йилига 350 миллион кВт-соат электр энергиясини ташкил қилади, бунда 106 миллион кубометр газ ҳам тежалиши кўзда тутилган.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон молия вазирлигида ҳам битимларни имзолаш маросими ўтказилди.
Тадбир доирасида «Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги битим ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муваффақиятли расмийлаштирилганлиги учун тендер ғолибидан ундириладиган бир марталик тўловни амалга ошириш тўғрисида»ги шартнома имзоланди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш 2022 йилда бошланиб, 2023 йилда якунланиши режалаштирилган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда энг кўп ўлимга олиб келаётган касаллик маълум қилинди
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этди
“Omicron” учун янги вакцина ишлаб чиқарилади
Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида 6 апрелдан мототранспорт ва велосипедда ҳаракатланиш чекланади
Самарқандда фуқаро ярим млрд сўмлик газни ўғирлади