Қирғиз-тожик чегарасида отишма содир бўлгани айтилди

Қирғиз-тожик чегарасида отишма содир бўлгани айтилди

Қирғиз-тожик чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси чегара хизмати матбуот маркази хабар берди. 

“Давлат чегарасининг қирғиз-тожик участкасида қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодиса юз берди”, деган матбуот хизмати вакили. 

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон фуқаролари Боткен вилоятининг Боткен тумани, Кочо-Бою ҳудудида қурилиш ишларини олиб борган. Воқеа жойига Тожикистон чегарачилари етиб келган ва қурилишни тўхтатишни талаб қила бошлаган. Оғзаки тортишув жанжалга айланиб кетган. Жанжал чоғида тожикистонлик ҳарбийлардан бири “Макаров” тўппончаси билан ҳавога тўрт марта ўқ узган. 

“Дарҳол Қирғизистоннинг Боткен йўналишидаги чегара вакилининг Тожикистоннинг Исфара йўналишидаги чегара вакили билан учрашуви бўлиб ўтди. Тожикистон томони қурол ишлатишнинг ноқонунийлигини тан олди, чунки Қирғизистон фуқаролари чегара чизиғига яқин жойда эмас, балки Кочо-Бою қишлоғи ичида қурилиш ишларини олиб борган”, дейилган матбуот хизмати хабарида. 

Аниқлик киритилишича, Тожикистон вакили можарога йўл қўйган ҳарбийларга нисбатан чора кўрилишини ваъда қилган. 

Томонлар бир томонлама тергов ўтказишга ва натижаларни сарҳисоб қилиш учун учрашишга келишиб олган. 

“Давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият барқарор”, дея таъкидлаган чегара департаменти вакили. 

Маълумот ўрнида, Қирғизистон ва Тожикистон чегараси вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли ва икки давлат чегарачилари ўртасидаги тўқнашувлар ҳудудига айланиб бормоқда

×