Фазогир Солижон Шарипов: «Ўзга сайёраларда ҳаёт бор…» (интервью-монолог)

Фазогир Солижон Шарипов: «Ўзга сайёраларда ҳаёт бор…» (интервью-монолог)

Таниқли фазогир Солижон Шарипов 24 август куни 55 ёшни қаршилади. У билан бир неча йил олдин Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманда кўришиб суҳбатлашган эдик. Юбилей баҳонаи сабаб бўлиб, фазогир билан интервью-монологни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. 

Илк вазифалар – супур-сидир, мол-ҳол, бозор-ўчар

Учувчи бўламан деган орзу тўрт-беш ёшимда пайдо бўлган. Тенг-тўшларим билан тоғу тошда ўйнаб юрган пайтим самолёт пастлаб учиб ўтган эди. Самолётни бошқариб кетаётган учувчиларни аниқ кўрганман ўшанда. Ҳаллослаганча уйга чопиб келиб, онамга самолёт ва учувчиларни кўрганимни ҳовлиқиб айтиб берганман.

Онам «Сен ҳам яхши ўқисанг, уларга ўхшаб осмонга учасан», дегандилар...

Ўзгандаги оддий ўзбек оиласида туғилиб ўсдим. Дадам – қирқ ҳунар эгаси, қайси иш ўнг келса, ўшани қилиб кетаверган. Онам умрини етти фарзанд тарбиясига бағишлаган болажон аёл. Дадам олий маълумот олмаган бўлса ҳам, китобсевар эди, турли-туман илмий журналларга обуна бўларди. Мен дунёни ўша журналлар орқали танидим. Мутолаа қишлоқнинг чанг кўчаларида ялангоёқ чопиб юрган болакай учун янги, тилсимларга бой оламни очди. Иш кўплигидан кўпроқ кечалари ўқишга тўғри келарди. Дадам койиб бермагунича, алламаҳалга довур кўзимни ишқалаб китоб-журнал титкилаб ўтираверардим.

Мактабни осонгина битирганман. Газета-журналлар таъсирида дунёқарашим хийла кенгайиб қолгани учун фанларнинг қийинчилиги йўқ эди. Уй вазифасини ўн дақиқада тайёрлардим. Шунақа тез ҳаракат қилмасам ҳам бўлмасди-да. Катта акам армияга кетган, укам ҳали дастёрликка ярамайди, ёш бошим билан ҳамма уй юмушларини қилишим керак эди. Уй тозалаш, мол-ҳолга қараш, бозор-ўчар… гарданимда эди.

Фото: «novosti.re»

Авиация билим юрти имтиҳонида йиқилганман...

Бўш қолдим дегунча кутубхонага чопардим. Авиация, космонавтика бўйича китобларни битта қўймай хатм қилганман, қайта-қайта қўлга олаверганимдан ёд бўлиб кетган. Мактабни битириш арафаси ҳамма синфдошларим «энди нима қиларканман»га тушиб қолган пайтда мен аниқ тўхтамга келиб бўлгандим.

Ўрта маълумот шаҳодатномаси қўлга тегиши билан Оренбург авиация билим юртига отландим (биринчи фазогир Юрий Гагарин шу ерда таҳсил олган). Аммо дастлабки уриниш кўнгилдагидек бўлмади. Уйга қайтдим. Оғайниларим Андижондаги ўрта махсус билим юртига ҳужжат топшираётган экан. Мен ҳам қатордан қолмай деб бухгалтерлик йўналишига ўқишга кирдим. Шу ихтисослик бўйича диплом олдим, аммо айни соҳада бир кун ҳам ишламадим. Бу орада ҳарбий хизматга чақириб қолишди. Узоқ Шарқда – ҳарбий ҳаво кучларига қарашли қисмда авиамеханик бўлиб хизмат қилдим. Кейин Харьков олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кирдим. Тўрт йил учувчилик сирларини ўргандим.

Жонибеков берган сабоқ

1990 йили Москвадаги космонавтлар марказида тайёргарлик бошладим, ҳали фазогирликка номзодман. Тўғри, билим юртини битирганман, қўлимда диплом бор, аммо бу ҳужжат номзодликка ўтишга ярайди, холос. Фазогир бўлиш учун эса олдинда игна билан қудуқ қазишдан ҳам оғир меҳнат кутиб турарди. Марказга борган илк кунларим Владимир Жонибеков билан учрашиб қолдим. Машҳур космонавт билан ҳайиқибгина кўришдим. Қисқа танишувдан кейин «Учмоқчимисан?» деб cавол берди. «Албатта!» дедим қатъият билан. «Атрофингдаги дўстларинг билан тенг бўлсанг, ҳеч қачон учолмайсан. Агар учишдан умидинг бўлса, улардан бир бош баланд бўл!» деди Владимир Жонибеков. Қисқа учрашув менга қаттиқ таъсир қилди. Машина калитини бураб ўт олдирасиз-ку, бу гап ҳам мени шундай ҳаракатга келтириб юборди...

Фото: «mensjournal.com»

Фазогир қандай синовлардан ўтади?

Фазогирликка номзод умумий космонавтлик тайёргарлигини ўташи керак. Бу юздан ортиқ эксперимент, жисмоний ва ақлий синовларни ўз ичига олади. Синовлардан ўтганлар кейинги босқичда катта ҳайъатга имтиҳон топширади. Номзодлик имтиҳонини муваффақиятли топширганлар космонавт-синовчи бўлади. Бироқ бу парвозга рухсат тегди дегани эмас. Ҳаммаси шундан кейин бошланади. Энди космонавт-синовчи бевосита гуруҳ таркибида реал парвозга ҳозирлик кўради.

Марказда тўрт мингга яқин одам ишлайди, фазогирлар эса ўттиз атрофида. Юзлаб мутахассис шу бир сиқимгина жамоа теграсида парвона. Учамиз, парашютдан сакраймиз, фавқулодда ҳолатларда ўзимизни синаймиз, ҳарбий кемани миридан сиригача ўрганамиз. Ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида инструктор.

Бешикдан қабргача илм изла, дейилади-ку ҳадисда, космонавтнинг ҳаёти ҳам худди шундай. Бу орада киройи талабадек илмий-тадқиқот институтларига бориб, астрономия, биофизика, тиббиёт ва бошқа соҳалар бўйича дарс олиб келамиз. Ортингиздан психолог юради, ҳар қадамингизни таҳлил қилади. Ақлий ва жисмоний машғулотлар, синовлар саккиз йилдан ўн беш йилгача давом этиши мумкин. Худога шукр, ўн беш йил кутишимга ҳожат бўлмади, етти йилда барча талабларни адо этиб, парвозга рухсат олдим.

1997 йили АҚШнинг «Endeavour» шаттли учиши керак, америкалик астронавтлар экипажига Россиядан ҳам вакил олинадиган бўлди. Номзод инглиз тилини мукаммал билиши шарт. Ўшанда инглизчани билишим роса асқотди. Ўнга яқин номзод орасидан мени тасдиқлашди. Бўлмаса, рўйхатда донғи кетган фазогирлар ҳам бор эди.

Фазода Яратганнинг қудратини теран ҳис қиласиз

Ҳа, чиндан ҳам шундай: фазода банда Яратганнинг қудратини бутун вужуди билан ҳис қилади. Пастга қарасангиз, мўъжазгина сайёра, чор томонга қарасангиз – чексизлик! Бирор фотокамера суратга тушира олмайдиган бу манзара фикру хаёлингизни остин-устун қилиб юборади. Ҳаёт ва борлиқнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўйлайсиз. Одам дунёни билгани сари ўзлигини ҳам англаб боради, деган гап тўғри.

Миллионлаб мусулмонларни оҳанрабо каби ўзига тортадиган Каъбатуллоҳ кўринади, вақтни ҳам қўрқувга солган эҳромлар… Европанинг катта шаҳарлари тунда бошқача манзара касб этади: шундай чароғонки, янги йил арчаси дейсиз. Аммо Осиё томонга ўтсангиз, зим-зиё – электр иқтисод қилинади-да.

Вақт тез ўтаётгандек туюлади. Меъёрга кўра 7-8 соат ухланади. Эрталабдан туриб ишга киришилади, кунлар бир сиқим, кўз очиб юмгунча ўтади-кетади. Кечқурун Ерга қилинган ишлар ҳисоботи берилади. Америка шаттлида парвоз ўн кун давом этган. «Союз ТМА-5» экспедицияси 192 кунга чўзилган. Бундан 12 куни очиқ фазода кечди. Оддий одамлар учун очиқ фазога чиқиш романтика бўлиб кўринади. Аслида, саргузаштдек туюлган бу жараённи ҳаёт-мамот кураши дейиш мумкин. Кемадан очиқ фазога чиққанда, юрагингиз қинидан чиққудек бўлиб ура бошлайди, онгли қўрқувни ҳис қиламиз. Сукунат, жимжитлик, кимсасизлик... Томирларингизда қон оқаётганини эшитгандек бўласиз. Мувозанатни ушлаб туриш учун махсус мослама билан ҳаракатланасиз, скафандрнинг оғирлиги 110 килодан ошади. Қадамингизни бежо ташласангиз, тамом, кемага қайтолмайсиз. Осмон – йироқ, ер – қаттиқ! Шундай вазиятда мувозанатни сақлаб қолиш ҳақида ўйлабгина қолмай, белгиланган вазифаларни ҳам бажариш керак. Ҳар 45 дақиқада кун чиқиб ботади. Атроф ёришган пайтда ишланади, қоронғилик ёпирилиб келган маҳал дам олиб турилади. Биз қора деб атайдиган ранг фазода буткул бошқача кўринади.

Фото: «eurasia.expert»

Номаълум учувчи жисмлар борми?

Абдулла Ориповнинг бир шеърида ўқигандим, шоир Ерни Қуванинг анорига ўхшатган: «Қаршимда Ер шарин суврати турар, салмоғи Қуванинг анорича бор...» Ишончим комилки, шоир фазога чиқиб, Ерни кўриш имконига эга бўлганида бундан ҳам кутилмаган ўхшатиш топиши аниқ эди. Чунки ўша ҳолат ва кайфиятни сўз билан ифодалаш имконсиз. Дейлик, сиз гилос емаган бўлсангиз, уни ҳар қанча таърифламай, барибир таъмини ҳис қилолмайсиз-ку.

Баъзида бошқа сайёраларда ҳаёт борлигига ишонасизми, деб сўраб қолишади. Мен ўзга сайёраликлар ёки номаълум учувчи жисмларни кўзим билан кўрмаганман. Лекин савқи табиий билан бошқа галактика ва сайёраларда ҳам ҳаёт бўлса керак, деб тахмин қиламан. Энг яқин юлдузга ёруғлик тезлигида икки йил учиш керак, яна айрим юлдузларга етиш учун миллионлаб йил кетади. Ўша олис юлдузларда одамзод каби, балки ундан ҳам ақллироқ мавжудотлар борлигига ишонгим келади...

Парвоз пайти икки ой егуликсиз қолиб кетганмиз

Ҳар куни «форма»да бўлиш учун фазода ҳам доимий жисмоний машқлар қилиб турилади. Акс ҳолда, мускуллар бўшашиб, суяклар юмшаб кетади. Фазогирлар овқат ўрнига тугмадек таблетка билан жон сақлайди, деб ўйлайди кўпчилик. Витамин ва бошқа фойдали моддалар билан қувватни ошириш учун таблетка истеъмол қилинади. Аммо бу асосий овқатимиз эмас. Халқаро космик станцияга Ердан вақти-вақти билан махсус қадоқланган егуликлар юборилади, уларга қайноқ сув қўшилса, беш дақиқада таом тайёр бўлади. Яна, консерваланган маҳсулотлар…

Фазога чиқиш кўнгилочар саёҳат эмас. Энг узоқ давом этган 2004 йилги парвоз пайти икки ой озиқ-овқатсиз қолиб кетганмиз. Егулик келтирадиган кема кечиккан. Америкалик ҳамкасбим билан бир майизни тенг бўлишиб еганмиз, ҳар куни консерва банкадаги бир ошам егуликка қаноат қиламиз. Нон йўқ, яхшики, сувимиз бор...

Фазогирларга турли овқатлар таклиф қилинади, аммо одам барибир миллий таомларни соғинади. Осмону фалакда ўзбекча палов еганмиз, десам ишонасизми? 1997 йили Америка шаттлида учишимиз арафасида Ўзганнинг машҳур гуручидан Хьюстонга олиб борганман (АҚШнинг фазовий тадқиқотлар бўйича миллий маркази – NASA қароргоҳи шу шаҳарда жойлашган). Парвоз олдидан паловхонтўра дамлаб, ўзимиз билан олиб кетдик. Ҳаво кемамиз халқаро станцияга етиб боргач, ошни экипаж аъзолари билан баҳам кўрдик. Ошимизнинг таъми америкалик ҳамкасбларнинг ҳам оғзида қолган.

Мен учун энг қийини...

Ҳаётда турли қийинчиликлар, кутилмаган ҳолатлар бўлади, уларга сабр қиласиз. Аммо баъзида оилага кўпроқ ғамхўрлик қилиш кераклиги ёдга тушади. Ўтаётган вақтингизни ўйлайсиз, агар бошқа касбнинг этагидан тутганимда, балки кўпроқ даромад қилиш, оилавий харажатларни қоплаш учун мўмайроқ пул топиш имкони бўлармиди, деган мулоҳазага борасиз. Ҳозиргача космонавтдан миллионер чиқмаган… Аммо инсоният тараққиёти, фан равнақи учун нимдир қилаяпман, деган ишонч сизга тасалли ва куч беради, ўзингизни тетик ҳис қиласиз.

Гоҳида темир интизом ва қатъий режимни бироз бўлса-да бўшаштиргингиз келади, бироқ бу ҳам имконсиз. Фазогирлик касб эмас, ҳаёт тарзи, дейишади-ку. Ишда ҳам, уйда ҳам космонавтлигингизча қоласиз.

Моцарт эффекти

Космонавт учиш пайти ўзи билан чекланган вазнда буюм олиши мумкин. Мен Ўзбекистон ва Қирғизистон байроғи, ўзбек дўпписи, яқинларимнинг суратлари ҳамда бир даста мумтоз куйларимиз ёзилган дискларни олволганман.

Рости, мусиқа менга фалак илмидан ҳам кўпроқ завқу шавқ беради. Осмонга чиққанда мумтоз куйларимизни эшитиб, буткул ўзгача завқни туйдим. Умуман, мусиқа фақат маънавий озуқа бериб қолмай, инсон онгига, мия фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади. Одам яхши куй эшитганда, генлари фаоллашади, оқсил ишлаб чиқариш кўпаяди ва бу хотиранинг кучайишига хизмат қилади. Моцарт эффекти назарияси бўйича ҳам мусиқа IQ, яъни  интеллектуал салоҳиятни кўтаришга кўмак беради.

Қаҳрамон бўлишдан инсон бўлиш қийинроқ

Одамзодга вақт деб аталган бебаҳо бойлик берилган. У шундай ресурски, қайта тикланмайди. Чойхонада ёнбошлаганча валақлаб, умрини бекорга ўтказаётганларни кўрсам, ҳайрон қоламан: наҳот бу одамлар ҳаётга яна қайта келаман, деб ўйласа! Қандай соҳа, қандай касбу кор бўлмасин, муваффақиятга эришиш учун аввало, вақтни тўғри идора этиш лозим. Катта мақсадларга эришмоқчи бўлган одам олдига катта талаблар қўйишни ҳам билиши керак. Асосийси, иш деб одамгарчиликдан чиқиб кетмаслик зарур. Ҳамиша қаҳрамон бўлиб яшашнинг имкони йўқдир, лекин ҳар доим инсон бўлиб қолиш мумкин. Бу қаҳрамонликдан қийинроқ, аслида...

Собир Салим ёзиб олган


Таржимаи ҳолга чизгилар

  • Солижон Шарипов – таниқли ўзбек космонавти, Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг «Буюк хизматлари учун» ордени, АҚШнинг «Космик парвоз учун» медали соҳиби.
  • 1998 йил 23-31 январда Американинг «Endeavour» кемасида фазога парвоз қилган. 2004 йили «Союз ТМА-5» ҳаво кемаси командири сифатида иккинчи бор Халқаро фазовий станцияга чиққан. 400 соатдан зиёд вақт давомида очиқ фазода бўлган.
  • Полковник Шарипов айни вақтда Россия космонавтларни тайёрлаш илмий-тадқиқот синов марказида фаолият юритмоқда.
    Манба: Xabar uz

ИНТЕРВЮФАЗОГИРСОЛИЖОН ШАРИПОВЎЗГА САЙЁРАЛАР

×