Беморга дунёда биринчи бўлиб 3D-принтерда босилган сунъий кўз ўрнатилди

Беморга дунёда биринчи бўлиб 3D-принтерда босилган сунъий кўз ўрнатилди

Британиялик офталмологлар дунёда биринчи бўлиб 3D-принтерда босилган кўз протезини ўрнатиш бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказишди.

Daily Mail нашрининг ёзишича, сунъий кўз 20 йил аввал чап кўзини йўқотган ва ўшандан бери кўз протезидан фойдаланиб келган Стив Верзе исмли беморга ўрнатилган. У ҳар 5 йил протезни алмаштириб туришига тўғри келган.

Таъкидланишича, янги протез узоқроқ муддатга яроқли бўлиб, унинг яратилиши ва ўрнатилиши камроқ вақт талаб этади.

Беморнинг айтишича, янги “кўз” аввалгиларига нисбатан ҳақиқий кўзга яқинроқ бўлиб, унга ўзига ишонч қайтишида ёрдам беради.

Жарроҳлик амалиёти Британия миллий соғлиқни сақлаш тизими томонидан молиялаштирилувчи тадқиқот доирасида ўтказилган.

Таъкидланишича, ҳозирда кўзини йўқотган британияликларнинг аксарияти кўз протези ўрнатиш учун жарроҳлик амалиётидан кейин 4-5 ой вақт кутишларига тўғри келади. Яна 6 ҳафта протезни тайёрлаш ва ўрнатиш учун кетади.

Янги методика эса бу даврни 3 ҳафтагача қисқартириш имконини беради ва протезнинг ҳақиқий кўзга ўхшашлигини кафолатлайди.

Маълум қилинишича, кўз протезининг 3D-принтерда босилиши 2,5 соат вақт олади.

×