Аввалроқ «Strause House» МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментидан олинган маълумотга кўра, ҳозирги кунда «Strause House» МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов эълон килинган. Дастлабки тергов давомида «Straus House» МЧЖ ҳисоб рақамига 2018 йилнинг декабрь ойидан 2019 йилнинг август ойига қадар мижозлардан жами 15 млрд. сўмга яқин пул маблағлари кирим қилинган. Кирим қилинган пул маблағларининг 4,5 млрд. сўм қисми жамият таъсисчи И.Исроиловнинг шахсий пластик карточкасига қарз сифатида ўтказилиб, бу маблағларнинг бир қисмини муқаддам содир этган фирибгарлик жинояти бўйича моддий зарарни қоплашга, ўзи учун 1 дона «Малибу 2» ва 2 дона «Ласетти» русумдаги автомашиналар сотиб олишга, Туркия, БАА, Эрон, Таиланд, Малайзия, Россия Федерацияси ва Украина давлатларига бориб дам олиш ва ўзининг бошқа эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Шунингдек, Иброҳим Исроиловнинг ОАВдаги чиқишларидан бирида «Straus House»нинг карантин зонасида 5 минг дона туяқуш жўжалари сақланаётганлиги ҳақида хабар берган. Ўрганишлар натижасида ушбу маълумотлар ўз тасдиғини топмаган. Мавжуд 500га яқин жўжалар Ўзбекистонда туяқуш етиштирувчи корхоналардан олганлиги маълум бўлган. Компания таъсисчисининг келаси йилларда экспорт қилишни режалаштираётганлиги ҳақидаги ваъдалари бўйича ҳам текширувлар ўтказилган. Бироқ ўрганишларда компания бундай (экспорт) салоҳиятга эга эмаслиги аниқланган.
Олиб борилаётган дастлабки тергов жараёнларида И.Исроилов томонидан жиноий йўллар билан қўлга киритилган маблағлар эвазига сотиб олинган автотранспорт воситалари, кўчмас мулк объектлари ва қимматбаҳо буюмларни аниқлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилмокда, уларнинг барчаси жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплашга қаратилади.
Ҳозирда жиноят иши бўйича «Straus House» МЧЖ молиявий хўжалик фаолияти юзасидан текширишлар ўтказилмоқда. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тасодифий хабарлар
Brabus дунёдаги энг тезюрар кроссоверни тақдим этди
АҚШ ва Швецияга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди
Аҳолиси кўп бўлган шаҳарлар рўйхати тақдим этилди
Яна бир давлатда омикрон-штаммини юқтириш ҳолати аниқланди
UzAuto Motors имтиёзлар ортидан катта фойда кўрди