Эстония, Франция, Ирландия, Норвегия, Буюк Британия ва АҚШ, шунингдек уларга қўшилган Албания Беларусь ҳукуматини қўшни давлатлардаги вазиятни беқарорлаштириш учун муҳожирлардан сунъий равишда фойдаланаётганликда айблади. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ёпиқ маслаҳатлашувлар якунлари бўйича давлатларнинг тегишли баёнотига таяниб хабар берилган. Баёнотни Эстониянинг доимий вакили Свен Юргенсон ўқиб эшиттирган.
Таъкидланишича, мамлакатлар гуруҳи “Беларусни ҳаёти ва фаровонлиги таҳдид остида бўлган одамлардан сиёсий мақсадларда фойдаланишда ва Европа Иттифоқининг ташқи чегарасида қўшни давлатларни беқарорлаштиришда айблади”.
Баёнот муаллифлари Минск ҳаракатларига “кучли” халқаро муносабат билдиришга чақирган.
Юргенсонга кўра, Минскнинг тактикаси “Лукашенко режими қандай қилиб минтақавий барқарорликка таҳдид солаётганини кўрсатмоқда”.
“Биз Беларусь ҳукуматини бу ғайриинсоний ҳаракатларни тўхтатишга ва одамлар ҳаётига хавф туғдирмасликка чақирамиз”, деган у.
Баёнотни имзолаган давлатлар, шунингдек Минскка мигрантларни ЕИга жўнатишда ёрдам бераётганларга қарши кейинги чораларни муҳокама қилишга тайёр эканликларини билдирган.
“Биз бир бўламиз ва Европа Иттифоқини Беларусь ҳукуматининг ушбу гибрид операцияларидан ҳимоя қилишга қатъий қарор қиламиз”, дейилган баёнотда.
Баёнот муаллифлари Минскни барча муҳожирларни ўз ватанларига жўнатиш, шунингдек “уларнинг муносиб ҳимоясини таъминлашга” чақирган.
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Беларусь Давлат чегара қўмитаси қочқинларнинг катта гуруҳи, асосан, курдлар Беларуснинг Польша билан чегараси томон йўл олгани ҳақида хабар берди. 2 мингдан ортиқ қочқинлар, жумладан аёллар ва болаларнинг катта қисми чегара чизиғидаги Польша тўсиқлари олдида тўхтаб, ўз-ўзидан лагер қурди. Польша хавфсизлик кучлари уларни ўтказиб юбормади, муҳожирлар тўсиқларни енгиб ўтишга ҳаракат қилди.
Сўнгги пайтларда Литва, Латвия ва Польша Беларусь билан чегарада қўлга олинган ноқонуний муҳожирлар сони кўпайгани ҳақида хабар бериб, Минскни миграция инқирози юзага келтиришда айблади. Минск барча айбловларни рад этди.
Вазият муносабати билан Польша Президенти Анжей Дуда Беларусь билан чегарадош ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий қилди, чегарани ҳимоя қилишга армия ва полиция жалб этилди.
Тасодифий хабарлар
МИБ вазифасини уддалолмагани учун якунладими? Бюро изоҳ берди
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонларини ажратиш қандай тартибда амалга оширилади?
6 ёшли болани уриб, қочиб кетган депутат шармандаларча партиядан ҳайдалади
АҚШ Ўзбекистонга Яқин Шарқдан аёллар ва болаларни қайтаришда кўмак бермоқчи
Сирдарёда ОТБ ажратган 7 млн доллар “талон-торож қилингани” айтилди. “Ўзсувтаъминот” изоҳ билан чиқди