Судларда халқ маслахатчиларини иштироки

Халқ маслахатчилари одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эгадирлар.

Иш биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилганда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси киради.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси
13-моддасида жиноят ишларини ҳайъатда ва якка тартибда кўриб чиқиш тартиби белгиланган.

Жиноят ишлари ҳайъатда кўрилади, Жиноят кодекси
15-моддасининг иккинчи — тўртинчи қисмларида назарда тутилган (ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир) жиноятлар тўғрисидаги ишлар эса, судья томонидан якка тартибда кўрилади.

Агар судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича суд муҳокамаси вақтида Жиноят кодекси 15-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган (ўта оғир) жиноятлар содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ишнинг кўрилиши уни якка тартибда кўриб чиқишни бошлаган судья томонидан давом эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати ишларни раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлгандагина кўриб чиқади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида иш биринчи инстанция суди томонидан ҳайъатда кўрилганда суд таркибига судья ва икки нафар халқ маслаҳатчиси кириши, учинчи қисмида эса одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиши, уларнинг ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эга эканлиги белгиланган.

Мазкур қоидаларни эътиборга оладиган бўлсак, суд томонидан ҳукм, қарор ёҳуд ажримлар қабул қилишда халқ маслаҳатчилари ҳам судьялар билан тенг ҳуқуқларга эгадирлар.

        Жумладан, “Судлар тўғрисида” Қонунга кўра, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.

Халқ маслаҳатчилари судлардаги вазифаларини бажариш учун йилига кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади, уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар бундан мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Судда ўз вазифаларини бажараётган даврда халқ маслаҳатчиларига судьялар дахлсизлигининг барча кафолатлари татбиқ этилади.

Яъни, халқ маслаҳатчисининг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига,
хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Халқ маслаҳатчиларини ваколатлари муддатидан илгари қуйидаги ҳолатларда тугатлиши мумкин;

1)   ёзма ариза берган тақдирда;

2) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;

3) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;

4) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

5) суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

        6) соғлиғи ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра узоқ вақт мобайнида вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда.

            Шухратжон Қурбонов,

            ЖИБ Янгиқўрғон туман суди раиси

×