Профилактика инспекторлари эзилиб кетяпти – собиқ ИИО ходими Бобожоновга мурожаат билан чиқди

Профилактика инспекторлари эзилиб кетяпти – собиқ ИИО ходими Бобожоновга мурожаат билан чиқди

Ижтимоий тармоқларда собиқ ИИБ ходимининг Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга йўллаган “Қува туманида ИИБ рахбарияти томонидан профилактика инспекторлари ҳуқуқлари поймол қилинмоқда(ми?)” номли видеомурожаати тарқалганди. Фарғона вилояти ИИБ мазкур мурожаат бўйича расмий баёнот берди.

Вилоят ИИБ томонидан ўрганиб чиқилган мурожаатдан аниқланишича, мурожаатчи Нозимжон Нишонов муқаддам ички ишлар органларида ишлаб, хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги, сурункали равишда хизмат интизомини бузиб, ички ишлар органлари ходимларига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун, салбий сабабларга кўра, 2021 йилда ички ишлар органларидан бўшатилган.

“Шунингдек, собиқ ходим Н.Нишоновнинг видеомурожаатидаги ИИО ходимлари билан боғлиқ келтирилган ҳолатлар юзасидан вилоят ИИБнинг тегишли хизматлари томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади баёнотда.

Аввалроқ ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ИИО собиқ ходими Нозимжон Нишонов томонидан Қува тумани ИИБ раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича тарқатилаётган важлари ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, собиқ ҳодим мурожаат давомида Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Аҳмаджонов профилактика инспекторларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилган. Унинг айтишича, ИИБ бошлиғи ўринбосари шахсий манфаатлари йўлида профилактика инспекторлари учун кунлик 55 минг сўмлик “ўрта фонд” жорий қилган. Шунингдек, 100 бош қорамол учун қураётган молхонасига керакли қурилиш материалларини профилактика инспекторлари зиммасига юклаган.

Мурожаатчининг қайд этишича, майор ҳар куни профилактика инспекторларига биттадан машинани жарима майдонига қўйишни, бештадан машина учун жарима далолатномаси тузишни мажбурий режа қилиб берган. Бу режани бажара олмаган профилактика инспекторлари фақат гап эшитган.

“Профилактика инспекторлари эзилиб кетяпти, эзилиб. Дардини кимга айтишни билмайди”, дейди мурожаатчи Нозимжон Нишонов.

Мурожаатчи видео сўнгида ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновдан майор Аҳмаджоновнинг ҳаракатларига чора кўришини сўраб, сўзларининг исботи сифатида қўлида аудиоёзув борлигини таъкидлаб ўтган.

×