Ҳоким блоггер мурожаатига "реакция" қилди: Отасиз оилага уй қуриб берилади

Ҳоким блоггер мурожаатига "реакция" қилди: Отасиз оилага уй қуриб берилади

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак! Бу эзгу ғоя Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган халқ билан мулоқот сиёсатида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Блоггер ва журналист Оқилхон Дадабоев масъул бўлган “Namangan24.uz” сайти (телеграм канали) ҳам давлатимиз раҳбариятининг халқимиз дардига қулоқ тутиш, эртага эмас, бугунидан розилигини таъминлаш борасидаги сиёсатидан руҳланган ҳолда юртдошларимиздан келаётган турли масалалаларга оид мурожаатларни мутасаддилар эътиборини қаратгани ҳолда баҳолиқудрат ижобий ҳал этишга интилмоқда.

Хусусан, сайтимизга кеча (7 август, чоршанба куни) Наманган шаҳри “Учқун” маҳалла фуқаролар йиғини, 4-Соли Адашев кўчаси, 2-уйда истиқомат қилувчи Дилором ая Сирожиддиновадан қуйидагича мурожаат келиб тушди:

“Фарзандим Дилмурод Асқаров узоқ давом этган хасталик сабабли яқинда оламдан ўтди. Ягона ўғлимдан менга икки қиз ёдгорлик қолди. Катта набирам мактабнинг 3-синфини тугатди. Кенжам олти ёшда. Оилавий шароитимиз оғирлиги сабабли  фарзандим саломатлигига алоҳида эътибор билан қаролмадим. Ўғлим учун девор пахсалардан қурилган уч хонали уй эскирганлиги сабабли қулаб тушди. Қўлимиз калталик қилиб, янгисини тиклай олмадик. Бу масала юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини, “Маҳалла” жамғармасига мурожаат қилдик, аммо бундан ҳеч қандай наф бермади. Раҳматли ўғлимнинг саъй-ҳаракатлари зое кетди. Ўзимиз яшаб турган уй ҳам нураб бориб, "авария" ҳолатига келиб қолган. Уй-жой қурайлик десак, бир ёғда тирикчилик дегандай. Яқинда хонадонимизга вилоят ҳокимлигининг Ишчи гуруҳи вакиллари келишиб, ҳолимиздан хабар олишди. Қандай кўмак кераклиги билан қизиқишди. Уларга бузилган уйимизни тиклашда ҳомий ажратилишига амалий ёрдам беришларини сўрадим. Аммо..."

“Namangan24.uz” сайти (телеграм канали) масъули айни шу муаммога ечим излаш мақсадида Наманган шаҳар ҳокими, 1-сектор раҳбари Шавкатжон Шокиржонович Абдураззоқовга мурожаат этди. Дилором опанинг дардларини ҳокимга телеграм орқали етказилди.

Эътиборлиси шундаки, шаҳар ҳокими мурожаатимизга тезкорлик билан муносабат билдириб, бугун соат 16:00да қўнғироқ қилишини билдирди. Айтилган вақтда ҳокимдан қўнғироқ бўлди, у киши билан Дилором опа истиқомат қилаётган хонадонга етиб бордик.

Тегишли мутасаддилар ҳамроҳлигида келган ҳоким опа билан дилдан мулоқотда бўлди. Отасидан барвақт айрилган норасида икки қизалоқни суҳбатга тортди. Уларни чуқур билим олишга чақириб, бу борада кўмагини аямаслигини айтди. Эътибордан четда қолган ҳовлидаги “манзара”ни кўздан кечирганШавкатжон Абдураззоқов тегишли қурилиш ташкилоти раҳбарига қисқа фурсат ичида бу ерда қурилиш ишларини бошлаш ва уч хонали уй-жой барпо этиш бўйича топшириқ берди. Қурилиш ишларини бориши ўз назоратида бўлишини таъкидлади.

Тўғриси, кечаги ва бугунги кунимдан бағоятда хурсанд бўлдим. Аҳолининг дардини эшитаётган, шунинг асносида уларга ечим топаётган, блоггер ва журналистнинг мурожаатига бефарқ бўлмаган Наманган шаҳар ҳокимига миннатдорчилик билдирсак арзийди. Дилором опа, қўни-қўшнилар дуога қўл очиб, мутасаддиларга ташаккурлар изҳор қилдилар.

Зеро, Алишер Навоий бобомиз айтганларидек,

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

мисралари Наманган шаҳар ҳокимининг бугунги иш фаолиятида устуворлик касб этмоқда.

“Namangan24.uz” сайти (телеграм канали) эса фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни тегишли мутасаддиларнинг бевосита амалий кўмагида ижобий ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради.

×