Энди Президентнинг ўз белгиси ва байроғи бўлади

Энди Президентнинг ўз белгиси ва байроғи бўлади

Энди Ўзбекистонда Президентнинг ўз белгиси ва байроғи бўлади. “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги қонунига шунга оид ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинган.

Қонун лойиҳасини депутатларга Адлия вазири Русланбек Давлетов тақдим қилди.

Таъкидланишича, Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фарқловчи белгилари, яъни ўз белгиси ва штандарти (байроғи) юзасидан қоидалар киритилмоқда.

“Хорижий давлатларда Давлат раҳбарининг ўз белгиси ва штандарти янги сайланган Президентга қасамёд қабул қилгандан кейин топширилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ушбу масалалар тартибга солинмаганлиги боис, қонунчиликни тегишли мазмундаги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Ушбу тартиб лавозимга сайланган шахсни президентлик лавозимига юклатилган мураккаб вазифаларни самарали амалга оширишига халқ ва жамият томонидан билдирилган ишонч белгиси сифатида хизмат қилиши таъкидланди”, дейилади хабарда.

Давлат раҳбарининг ўз белгиси ва штандарти(байроғи)ни белгилаш бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Президент сайловига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Мақсудова Ворисова, Экологик партияси Нарзулло Обломуродов, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Алишер Қодиров, “Адолат” социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов номзодлари илгари сурилган.

×