Боғча мансабдорлари йил бошидан бери 1,3 тонна гўштни “еб юборган”

Боғча мансабдорлари йил бошидан бери 1,3 тонна гўштни “еб юборган”

Аввалроқ, Самарқанддаги боғчадан гўшт ўғирлашга уринган ошпаз ва хўжалик ишлари мудирига жиноят иши қўзғатилгани ҳақда хабар берган эдик. Текширувлардан сўнг, боғчада маҳсулотларни талон-торож қилиш билан боғлиқ бошқа тафсилотлар ҳам очиқланди.

Текширувлар натижасида маълум бўлишича, 2021 йил январидан шу кунга қадар ушбу боғчанинг мансабдор шахслари томонидан жами 82,8 миллион сўмлик 1376,7 килограмм гўшт маҳсулотлари талон-торож қилинган.

Ҳолат юзасидан 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан 167-моддаси 2-қисми “а” ва “г” бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан кўп миқдорда ва такроран талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, 28-сонли мактабгача таълим ташкилотида  МТТ бош ошпази Ўғилой Абдураимова пиширилган 4,7 кг гўштни олиб кирхонага беркитган ва кирхона деразасидан пишган 4,7 кг гўштни МТТ хўжалик мудираси Мафтуна Эшимовага бериб, уни ўғирлашга уринганда қўлга тушганди. МТТ хўжалик мудираси Мафтуна Эшимова пишган 4,7 кг гўштни МТТ ҳовлисидан олиб чиқиб кетаётганда МТТ тарбиячилари Н.Н. ҳамда М.У. уни тўхтатиб, маҳсулотларни талон- торож қилаётганини кўрган.

Ушбу ҳолат бўйича МТТ бош ошпази Ўғилой Абдураимова ҳамда МТТ хўжалик мудираси Мафтуна Эшимова билан суҳбат ўтказилганда, бу ишларни доимо 28-сонли МТТ директори Шахноз Умарованинг топшириғи ва кўрсатмасига асосан қилганини тан олган.

×