Трамп Оқ уй томига чиқди

Трамп Оқ уй томига чиқди

АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 5 август куни кутилмаганда Оқ уй томига чиқди. У келажакдаги қурилиш ишларини кўздан кечирмоқчи бўлди, деб тахмин қилинмоқда.

Пастда турган матбуот вакиллари анча узоқдан тепада нима бўлаётганини англашга уринди.

“Жаноб Президент, у ерда нима қиляпсиз?” деб бақирди кимдир.
“Шунчаки озгина сайр қиляпман”, деб жавоб берди у юқоридан.
“Нима қуриляпти у ерда?”
“Бу нариги томонда жойлашадиган бал зали билан боғлиқ”, деди у.

Журналистлар яна сўраганда, Трамп қўллари билан ишора қилиб: “Чиройли бир нарса”, деди.

Трамп яқинда эълон қилинган 200 миллион долларлик бал зали лойиҳаси архитектори Жеймс МакКрери ҳамроҳлигида кичик гуруҳ билан юрди. Улар секин ҳаракатланар, Трамп том ва ҳовлига тез-тез ишора қилиб, қўллари билан нималарнидир кўрсатарди. Бир неча марта у матбуот гуруҳига яқин бурчакка йўналиб, қўл силкиб, қўлларини оғзига тутиб, бақирганча саволларга жавоб берди.

“Бу менинг пулларимни сарфлашнинг яна бир йўли, мамлакат учун пул сарфлашнинг яна бир йўли. Қандай иш қилмай, ҳаммасини ўзим молиялаштираман”, деб урғу берди у.

Ундан қўшимча бино ёки иккинчи қават ҳақида ўйлаяпсизми деб сўрашганда, жавоб беришдан бош тортди.

Кейин Трамп бир неча дақиқага камерадан ташқарига чиқди — эҳтимол, Жанубий Майдонни кўздан кечирмоқчи бўлган. У қайтиб келганида, журналистлар яна саволлар ёғдиришди.

“Нима қурмоқчисиз ўзи?” деб бақирди кимдир.
“Ракеталар. Ядровий ракеталар” деди Трамп, эҳтимол ҳазил қилиб ва ракета учирилишини тақлид қилганча.

Сўнгра у Ғазо ҳақидаги саволни эътиборсиз қолдириб, бинога кириб кетди.

Томдаги кутилмаган бу сайр Трампнинг “Халқ уйи” деб аталувчи Оқ уйда ўзига хос из қолдириш истаги билан боғлиқдир. У Овал офисни қайта безатди – унга олтин безаклар, фаришталар, Президент портретлари ва бошқа буюмлар қўшилди. Шунингдек, шимолий ва жанубий майдонларга катта байроқ устунлари ўрнатилиб, уларда Америка байроғи ҳилпираб турибди. Ўтган ҳафтада эса маъмурияти сентябрь ойида улкан бал зали қурилиши бошланишини ва у Трампнинг президентлик муддати 2029 йил бошида тугашидан аввал тайёр бўлишини эълон қилди. Трамп Ғарбий қанотда пайдо бўлган бўлса-да, Оқ уй маълум қилишича, бал зали “ҳозирги кунда анча ўзгарган ва қайта қурилган Шарқий қанот” жойлашган ерда қурилади.

Гарчи бу ҳолат кам учраса-да, тарихда баъзи президентлар Оқ уй томига чиққан, ҳатто у ерда ухлаган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, 1970 йилларда қайта тикланадиган энергия манбаларини тарғиб қилиш мақсадида президент Жимми Картер Ғарбий қанот томига 32 та қуёш панелини ўрнатган. Улар кейинчалик Рейган маъмурияти даврида олиб ташланган. 1910 йилда президент Уильям Говард Тафт ёзнинг иссиқ кечаларидан қочиш учун томда ухлашга мўлжалланган айвон қурдирган эди.


×