Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди.
Ҳозиргача Ўзбекистондаги бешта сиёсий партия ўз номзодларини кўрсатиб бўлган. Булар:
• Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Алишер Қодиров;
• Ўзбекистон Экологик партиясидан Нарзулла Обломуродов.
• Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова;
• Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов;
• Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев.
Номзодлар жорий йилнинг 14 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ, рўйҳатга олинди.
Ўзбекистон қонунчилигига биноан президентликка номзодлар ҳуқуқлари кафолатлари, хусусан, сайловолди ташвиқотини олиб бориш ҳуқуқи улар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. QALAMPIR.UZ президентликка номзодлар ташвиқот олиб боришда қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги ҳақида қонунчиликда нима дейилганига эътибор қаратди.
Номзодлар сайловолди ташвиқотини қандай олиб боради?
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 41-моддасига кўра, Марказий сайлов камиссияси томонилан рўйхатга олинган барча номзодлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади. Дарҳақиқат, номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга. Ушбу қоида билан боғлиқ норма Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 165-моддасида ҳам белгиланган.
Сайловолди ташвиқот деганда сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида барча сайловолди ташвиқотлар тўхтатилади.
Букндан ташқари ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Маълумки, оммавий ахборот воситалари у ёки бу номзоднинг муваффақият қозонишида муҳим роль ўйнаши мумкин. Чунки сайловолди учрашувлари ва йиғилишларида юзлаб сайловчилар иштирок этса, оммавий ахборот воситалари орқали миллионлаб сайловчиларга маълумот етказиб берилади. Шу сабабли президентликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг барчаси ўз сайловолди ташвиқотини юритиши учун ОАВдан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эгалиги кафолатланган.
Шунингдек, Сайловолди ташвиқотини ўтказишдан мақсад Президентликка номзодларнинг ички ва ташқи сиёсат, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий соҳаларга оид муаммоларни ҳал қилиш йўллари ва бу тармоқларни ривожлантиришга қаратилган режалари ифода этилган фаолият дастури билан чиқиши сайловчиларни ўзларига жалб қилиш, ўз тарафдорларини кўпайтириш имконини беришдан иборатдир.
Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:
• давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;
• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
• сайлов комиссиялари аъзоларининг;
• диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.
• Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Ташвиқот қуйидагича тарзда олиб борилади:
• сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
• Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
• номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.
• Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Ташвиқот:
• оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;
• босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;
• сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Президентликка номзод рўйхатга олинганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (шаҳар йўловчилар транспортидан, таксидан ва транспорт бошқа турларининг буюртма йўналишларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эга бўлади. Номзодларнинг хизмат сафари ва бошқа харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.
Маълумот учун, нотўғри ахборотни, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади. Ушбу ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги 51-6-моддасида жавобгарлик белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-4-моддасида номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган.
Тасодифий хабарлар
Карантин даврида “тонировка”нинг муддати узайтириладими?
“Қора душанба”. Йирик рус компаниялари Путиннинг қароридан “ларзага келди”
Ўзбекистонда айрим қоидабузарликлар учун жарима миқдори оширилмоқда
Путин Сталин изидан бормоқда – BILD
Роналду бошқа жамоага ўтиши мумкин