Damas таксилари ҳалқнинг корига яраган ва ярамоқда. Депутатлар Термиздаги тақиққа муносабат билдирди

Damas таксилари ҳалқнинг корига яраган ва ярамоқда. Депутатлар Термиздаги тақиққа муносабат билдирди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров Термиз шаҳрида Damas`ларга йўловчи ташиш тақиқланганига муносабат билдирди.

“Ижтимоий тармоқларда “Дамас” русумли автомашиналарга Термиз шаҳри ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқланганлиги ва унинг оқибатида 700 дан ортиқ ушбу фаолият тури билан шуғулланаётган ҳайдовчилар ва ушбу хизматлардан фойдаланиб келаётган қўплаб аҳоли вакилларининг норозиликлари акс этган маълумотлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2724 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Термиз шаҳар хокимининг қарори билан 2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фаолият юритаётган Damas йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши эътироф этилиб, уларни шаҳар атрофида хизмат кўрсатишга ўтказиш ҳамда харакатдан тўхтатиш хисобига янги йўналишларни ташкил этиш, ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган Damas йўналишли таксиларига нисбатан муросасиз бўлиш, жавобгарлик масаласини ҳал этиш вазифалари белгиланибди.

Бироқ, биринчидан, ижросини таъминлаш назарда тутилган юқорида таъкидланган Президент қарорида Damas йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги бирор бир жумланинг ўзи йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724 сонли қарори билан тўлиқ танишмаган аҳолида, Damas йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш гўёки, “Президент қарори билан амалга оширилаётган экан”, деган нотўғри хулоса пайдо қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ПҚ-2724 сонли қарори битта шаҳардаги 700 га яқин кишини ишсиз қолдириш учун эмас, балки, айнан мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш мақсадида қабул қилинганлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янги чораларини белгиловчи норматив ҳужжатда унинг (ёки унинг бир қисмининг) кучга кириши муддати кўрсатилган бўлиши керак. Бунда норматив ҳужжатнинг кучга кириши муддати у расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаслиги керак.

Учинчидан, давлатимиз сиёсати ноқонуний фаолият билан шуғулланаётганларга нисбатан муросасиз бўлишни эмас, балки, уларни қонуний фаолият олиб боришга ўтказиш, бунинг учун мавжуд қийинчилик ва тўсиқларни ўрганиб, уларни бартараф этиш орқали тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратишга қаратилган.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизими мутлақо қониқарсиз бўлган вақтларда ҳамда ҳудудларда айнан енгил машиналар, жумладан, Damas таксилари ҳалқнинг корига яраган ва ярамоқда.

Такси фаолияти билан шуғулланаётган ҳар бир автомашина, жумладан, Damas машиналари энг камида битта иш ўрни эканлигини, энг камида битта оиланинг қозонини қайнатаётганлигини ҳам, шунингдек, ушбу автомашиналарни кўпчилик аҳоли айнан такси хизматини кўрсатиш мақсадидагина сотиб олган ва шунинг учун ҳам ушбу машиналар харидоргир ҳисобланишини унутмаслигимиз лозим.

Албатта, жойларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини яхшилаш зарур. Бироқ, бунга шу кунга қадар фаолият кўрсатиб келган тадбиркорларнинг фаолиятини тақиқлаш билан эмас, балки соғлом рақобат муҳитини, қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда ички автомобил йўлларининг сифатли даражага келтириш каби ишларни йўлга қўйиш орқали эришиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мутасаддилар томонидан юқоридаги масалага ўз эътиборларининг қаратишларини сўраган ҳолда ушбу масалага дахлдор амалдаги қонуний тартибларни ҳам қуйида ҳавола қилиб ўтмоқчимиз.

Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади.

Лицензия бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар лицензияловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикасида йўловчи ва юкларни халқаро ташиш бўйича Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўловчи ва юкларни ташиш бўйича эса ушбу агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан қабул қилинади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунда лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

•    лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;
•    юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсларда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно; 
•    якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда; якка тартибдаги тадбиркорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
•    лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда; лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда; лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда; лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда.
Лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензияловчи орган қарорига биноан амалга оширилади, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. 
Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ушбу модданинг биринчи қисми олтинчи - саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд тартибида амалга оширилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида, шунингдек лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак.

Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.

ицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензиянинг амал қилишини тугатишни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади", дейилади мақолада.Суннатилла Абдуллаев

×