Шаҳар ҳокимлиги товон пули тўлашда икки хил стандартга йўл қўяётган кўринади

Шаҳар ҳокимлиги товон пули тўлашда икки хил стандартга йўл қўяётган кўринади

Олий суд Тошкент шаҳар ҳокимлигининг кассация шикоятини учинчи маротаба рад этди. Бироқ, товон пули тўлашга доир суд қарорини ижро этиш турли баҳоналар билан ортга суриляпти. Бу билан президент топшириғини бажариш ҳам пайсалга солинмоқда.

Ёдингизда бўлса Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга ўз вақтида 1 млн доллар бўлган мулк учун товон пулини тўламаётгани ҳақида мақола эълон қилган эдик. Унда “Тулпор савдо уйи” МЧЖга тегишли 55 сотих ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилгани ва 2035 кв.м. майдон бўлган биноси компенсация ва ер майдони кейинчалик беришга доир оғзаки ваъдалар билан 2011 йилда бузиб ташлангани, ўрнига 15 сотих бўш ердан бўлак ҳеч вақо берилмагани айтилганди.

Тошкент шаҳар иқтисодий суди кассация инстанциясининг қарори билан тадбиркорга 2 млрд 21 млн сўм товон тўлаш бўйича ижро варақаси шу йилнинг 1 февралидан бери ижро этилмай келаётгани маълум қилинганди.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга кўра, ҳокимлик томонидан товон пули тўлашда “икки хил” стандардга йўл қўйилаётган бўлиши мумкин. 2021 йил 11 август куни Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Шакиров раислигида бўлиб ўтган Тошкент шаҳар ҳудудий кузатув кенгаши йиғилишида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармадан маблағ ажратиш масаласи кўриб чиқилган.

Унда 17та тадбиркорлик субъекти ва жисмоний шахслардан келиб тушган ариза кўриб чиқилиб, йиғилиш натижаси бўйича 15та тадбиркорлик субъекти ва жисмоний шахсларга жами 8 млрд 571 млн сўм товон пули тўлаш бўйича Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида хулоса қилинган.

Ушбу ҳужжатга илова қилинган маълумотномада Kun.uz ўрганган ишга ўхшаш ҳолат кўзга ташланади. Яъни, бу фирманинг ҳам кўчмас мулки бузилган, ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Компенсация қисман қаноатлантирилган. Бу фирма судга мурожаат қилмаган бўлса-да, Ҳудудий кузатув кенгаши мазкур МЧЖга орадаги тафовут – 1 млрд 715 млн сўмни товон пули сифатида тўлашга қарор қилади.

Бироқ, баённома иловасида кимларнинг товон пули тўлашга доир мурожаатларини кўриб чиқиш рад этилганининг сабаби ҳам келтирилади. Унда:

“Ҳудудий кузатув кенгашининг 2019 йил 23 августдаги 1-сонли йиғилиш баёнининг 1 ва 2-иловаларига асослантирилган ҳужжатлар тақдим қилинмагани” қайд этилади.

Қолаверса, шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Шакиров имзоси билан, санага эътибор беринг, 2021 йил 24 август куни Дилшод Азаматовга юборилган жавоб хатида:

“Ҳозирги кунда, Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 1 февралдаги ҳал қилув қарори устидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2021 йил 19 июл куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти киритилган.

Кассация иши бўйича қабул қилинган қарор асосида Тошкент шаҳар Ҳудудий кузатув кенгаш ва унинг ишчи органи томонидан компенсация бериш масаласи кўриб чиқилишини маълум қиламиз”, - дейилади хатда.

Шу ўринда юқоридагилардан келиб чиқиб, қатор саволлар туғилади:

Ўзбекистонда қачондан бери шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари раислигидаги Ҳудудий кузатув кенгаши давлат ҳокимиятининг учинчи бўғини ҳисобланувчи суддан устун бўлиб қолди?!

Қачондан буён Ҳудудий кузатув кенгашининг йиғилиш баёни суд қарори ижросини тўхтатиб қўя оладиган даражада кучга эга бўлиб қолди?

Шунинг баробарида, Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати шаҳар ҳокимлигининг кассация шикоятини учинчи марта ҳам рад этган. Шакиров хати мазмунидан келиб чиқилса, товон пулини тўлаш масаласи Ҳудудий кузатув кенгаш ва унинг ишчи органи томонидан кўриб чиқилиши керак эди. Аслида, бу иш амалдаги қонунчилик талабларига зид бўлса ҳам, суд қарори бўйича ижро варақаси ҳам берилган бўлса-да, ҳокимлик шу ишни ҳам пайсалга солиб келмоқда.

×