Ёшларни ишли қилиш бўйича ҳукумат қарори чиқди

Ёшларни ишли қилиш бўйича ҳукумат қарори чиқди

«Ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида ёш мутахассисларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарори (556-сон, 31.08.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида ёш мутахассисларни мақсадли ўқитишни қўллаб-қувватлаш ва уларни кейинчалик ишга жойлаштириш механизми жорий этилади.

Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:

  • АТ «Алоқабанк» ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида Венчур жамғармаси;
  • масъулияти чекланган жамият шаклида «IT-билимларни ривожлантириш маркази».

Ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида кейинги 5 йил ичида 100 минггача ёш мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, уларни кейинчалик ишга жойлаштиришда кўмаклашиш Марказнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунга кўра, ҳар йили 5 йил ичида мутахассисларнинг соҳада мақсадли тайёрланишини ва уларнинг стартап-лойиҳаларини молиялаштиришни ташкил этиш учун Марказга 50 млрд сўм миқдорида амалдаги қайта молиялаштириш ставкасининг ярмидан ошмаган ҳолда қарз ажратилади ва у кейинги 5 йил ичида босқичма-босқич қайтарилади.

Вазирлик ва ташкилотлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, Марказ томонидан танланган таълим ташкилотлари ўртасида ҳар йили белгиланган мақсадли параметрлар доирасида буюртма шакллантирилади.

Таълим ташкилотларида мақсадли ўқиш учун 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқароси номзод бўлади.

Номзодлар Марказ томонидан таълим ташкилотлари билан биргаликда танлов асосида танланади.

Танлаб олинган номзодлар (стипендиатлар) Марказ билан уларнинг истиқболдаги даромадларини улуш тарзида тақсимлаш тўғрисидаги шартномани (Income Share Agreement) тузади, унга кўра ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасида уларнинг ўқишини тўлашга мақсадли қарз тақдим этилади.

Стипендиатлар ўқишни тугатгандан сўнг мақсадли қарз ва ушбу қарз бўйича фоизларни қайтаришга мажбур.

×