Президентимиз томонидан барча соҳаларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари оддий одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, бу орқали одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, халқимиз, шу жумладан хотин-қизлар турмуш даражаси ва сифатини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилоят суди ва Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳамкорлигида ўтказилган учрашув ҳам айнан ана шу масалалар доирасида ташкил этилиб, тадбирга Наманган шаҳрининг 3-сектори ҳудудида яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган ҳуқуқий ҳимояга ва псиҳологик кўмакка муҳтож аёллар таклиф этилди.
Мулоқотда вилоят суди жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, фуқаролик, жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман суди судьялари иштирок этишди.
Наманган шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи Ф.Ғаниев мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига эътиборни қаратди.
Вилоят суди судьяси М.Тўланов хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар ишлаб чиқилгани, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик маслаҳатлар бериш борасида судьялар томонидан жойларда мунтазам равишда учрашувлар ўтказилаётганини таъкидлади.
Тадбир давомида оилавий ажримларни, эрта никоҳнинг олдини олиш хусусида ҳам сўз юритилиб, психологик кўмакка мухтож аёллар билан мутахассислар томонидан суҳбатлар ўтказилди.
Учрашувда шахсий мурожаат юзасидан аёллар билан алоҳида қабул ҳам ташкил этилиб, уч нафар аёлнинг мурожаати ўз ўрнида ҳал этилди. Наманган шаҳар суди судьяси Э.Пирматов томонидан уларнинг аризалари кўриб чиқилиб, мурожаатчилар муддатидан олдин жазодан шартли равишда озод қилинди.
Жумладан, Қ.С.нинг турмуш ўртоғи Н.М. 2020 йилда карантин қоидаларини бузганлиги сабабли ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан тўхтатилиб, унга нисбатан маъмурий баённома тузилаётган вақтда Қ.С. воқеа жойига келиб, хизмат вазифасини бажараётган ходимларни ҳақоратлаган, профилактика инспекторининг хизмат кийими пагонини юлиб олган.
Қ.С. ўзининг бу қилмиши билан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этади. Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, айбдорга нисбатан ушбу модда санкциясида 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазони ўтаттириш учун Наманган шаҳар пробация бўлинмасига ҳисобга олинган эди.
Қ. С. жазони ўташ вақтида тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этиб, қатъий тартибда тузалиш йўлига ўтгани, доимий равишда бўлинма ва профилактика инспекторлари назоратида бўлиб жазони ўташ тартибини бузмаганлиги сабабли ўталмай қолган 1 йил 11 ой жазо муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам олишди.
Наманган вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими
Тасодифий хабарлар
Илон Маск касбини ўзгартирмоқчи
Эртага айрим ҳудудларда шамол кучайиб, ёмғир ёғиши мумкин
Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги
ХДП лидери Улуғбек Иноятовдан истеъфоси талаб қилинди
«Шер билан селфи» даҳшатли якунланди