Норин дарёсида йигитни калтаклаб, дарёга ташлаб кетган гумондорлар Тошкент шаҳрида ушланди

Норин дарёсида йигитни калтаклаб, дарёга ташлаб кетган гумондорлар Тошкент шаҳрида ушланди

Namanganliklar.uz телеграмм каналига “Норин дарёсидан топилган жасаднинг ўлимига калтакланиши сабабми ёки 58 минутда етиб келган тез ёрдам машинасими” изоҳи билан жойланган видеохабар юзасидан Наманган вилояти ИИБ расмий муносабат билдирди.

Жорий йилнинг 27 июль куни соат 05:50 ларда 102 қисқа рақамига Учқўрғон туманида яшовчи Б.Н. қўнғироқ қилиб, шу туманда яшовчи 1992 йилда туғилган А.С. жиянини номаълум шахслар томонидан қасддан ўлдирилиб, тумандаги Эшонтўпи МФЙ худудидан оқиб  ўтувчи, “Норин” дарёси қирғоғига ташлаб кетилганлиги ва унинг бошқарувида бўлган “Спарк” русумли автомашинасини олиб қочиб кетилганини маълум қилиб, номаълум шахсларни топишда ҳамда уларга нисбатан қонуний чора кўришда ёрдам сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан 2021 йил 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 2021 йил 26 июль куни соат тахминан 18:30ларда Учқўрғон туманида яшовчи 1962 йилда туғилган Н.М. турмуш ўртоғи Н.Г. билан биргаликда томорқа ерига экилган мош ва шоли экинларидан хабар олиб келиш учун, кетаётган вақтида “Норин” дарёси дамбасида оқ рангли “Спарк” русумли автомашинасининг чап олди эшиги олдида ёши тахминан 20-25 ёшлардаги номаълум шахс турганлигини, дарё бўйига эса икки нафар шахс тушиб кетганлигини кўрганликлари аниқланган.

         Шунингдек тезкор қидирув тадбирлари натижасида шу куни соат 22:36да жабрланувчи А.С. бошқарувида бўлган “Спарк” русумли автомашинанинг олд чап томон балони ҳаво қўйиб юборганлиги сабабли, 2 нафар номаълум шахслар Мингбулоқ тумани, Гулбоғ МФЙ худудида жойлашган дўкон олдида қолдириб, ўзлари номаълум томонга қараб кетганликлари шу ердаги мавжуд кузатув камерасига қайд этилганлиги аниқланган.

         Автомашинани кўздан кечириш давомида 18 дона яроқли қўл бармоқ излари аниқланди. Кузатув камераларидан олинган тасвирлар ёрдамида ушбу жиноятни содир этган шахс Учқўрғон туманида, унинг шериги эса Андижон  вилоятида яшаши маълум бўлди. Гумондорлар Тошкент шаҳар худудидан ушланган.

×