Наманган вилоят судида халқ маслаҳатчилари билан семинар машғулоти бўлиб ўтди

Наманган вилоят судида халқ маслаҳатчилари билан семинар машғулоти бўлиб ўтди

Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига сайланган халқ маслаҳатчилари билан уларнинг ишларни кўришдаги роли, коррупцияга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асослари мавзуларида семинар машғулоти бўлиб ўтди.

Наманган вилоят судлари малака ҳайъати аъзоси Самаджон Қодировнинг раислигида ўтган йиғилишда Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Адхамжон Мирзаев, вилоят суди судьялари ва ходимлари ҳамда судларга сайланган халқ маслаҳатчилари иштирок этишди.

Семинарда, одил судловни амалга оширишда ҳалқ маслахатчиларининг ўрни ҳам юқори ҳисобланиши, халқ маслаҳатчилари судьянинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиши, улар суд мажлисида ишни кўриш жараёнида келиб чиқадиган ҳамма масалаларни ҳал қилишда ва ҳукм чиқаришда раислик қилувчи билан тенг ҳуқуққа эга эканлиги, ишни кўриб чиқувчи суд органларининг таркиби муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деб белгиланган.

Вилоят суди судьяси Ж.Мамуров йиғилишда маъруза қилиб, судьялар ва халқ маслаҳатчиларига ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини монеликсиз ва самарали амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши, одил судловни амалга ошириш борасида судьянинг фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, ҳеч ким судья ва халқ маслаҳатчиларига тазйиқ ўтказишга ҳамда муайян жиноят иши қандай ҳал этилиши лозимлигини ўргатишга ҳақли эмаслигини, ишнинг холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга, халқ маслаҳатчиларига ҳар қандай таъсир ўтказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини тушунтириб ўтди.

Шу билан бирга иштирокчиларга малака ҳайъатининг режасида белгиланган, яъни коррупцияга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асослари ҳақида фикр юритилди.

Халқ маслаҳатчилари амалда судьялар билан тенг мақомга эга. Қайси суд жараёнига назар солманг, халқ маслаҳатчилари зийраклик билан кўрсатмаларни эшитиб, ҳолатни очишга хизмат қиладиган ўткир саволларни бераётганига гувоҳ бўламиз. Судларда ишлар мукаммал кўрилиб, суд ҳукмлари қарорлари камдан кам ҳолатлардагина ўзгараётганида халқ маслаҳатчиларининг салмоқли ҳиссаси бор. Илгарилари саволларни асосан судья, прокурор, адвокат берган бўлса, эндиликда бу учликка иккала халқ маслаҳатчилари ҳам қўшилди. Бу ўз-ўзидан суд ишининг одиллиги таъминланишининг гарови эканлигини кўрамиз, дейди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Мирзаев.

Семинарда халқ маслаҳатчилари ҳам ўзларининг фикр мулохазаларини билдириб, қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Мансурбек Дарманов, Наманган вилоят суди малака ҳайъати котиби

×