Афғонлар яна бир неча бор Ўзбекистонга киришга уринди

Афғонлар яна бир неча бор Ўзбекистонга киришга уринди

Афғонистон фуқаролари — ҳарбийлар ҳамда тинч аҳоли сўнгги кунларда бир неча бор Ўзбекистон ҳудудига киришга уринди. Уларнинг барчаси Афғонистонга қайтариб юборилди. Бу ҳақда бугун, 28 июнь куни Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

“Сизга маълумки, 23 июнь куни Афғонистоннинг 53 нафар фуқароси ва ҳарбий хизматчилари биринчи марта чегарани бузиб, Ўзбекистонга киришга уринди. Шундан кейин яна бир қанча бунга ўхшаш ҳаракатлар амалга оширилди, охиргиси шанба (26 июнь) куни бўлди”, дейди Асадов брифинг пайтида.

Президент Матбуот котибининг қўшимча қилишича, миллий қонунчиликка ва халқаро нормаларга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудига киришга уринган барча шахслар Афғонистонга қайтарилган.

“Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон чегарасининг дахлсизлиги ҳеч қандай шубҳа остига олинмаслиги керак.

Маълумки, сўнгги пайтларда Афғонистон шимолидаги вазият ўзгариб бормоқда. Бу унинг қўшнилари — Ўзбекистон ва Тожикистонни ташвишга солмаслиги мумкин эмас”, дея таъкидлади у.

Асадов ўтган ҳафта Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон телефон орқали суҳбатда минтақада хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш учун ҳаракатларни мувофиқлаштириш, яқин мулоқотни давом эттириш зарурлигини муҳокама қилганини эслаб ўтди.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. 

Чегардош давлатларнинг реакцияси

Воқеаларнинг бундай ривож олиши Афғонистонга чегарадош бўлган давлатларни сергак тортишга мажбур қиляпти. Жумладан Афғонистон билан деярли 1000 километр чегара ҳудудига эга бўлган Эрон ҳам мамлакат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. ОАВнинг ёзишича, расмий Теҳрон, аллақчон, чегара ҳудудларига Т-72С, БМП-2 танклари ва бошқа зирҳли ҳарбий техника юборган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича режага асосан амалий машғулотлар бошлаган. Бундан ташқари, республика 22 июнь куни Афғонистон билан чегарани вақтинча ёпган.

 АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

×