Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом динига Биринчи Президент Ислом Каримовдан кўра бошқача қараяпти. Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов икки давлат раҳбарининг Ислом динига муносабатини таҳлил қилиб, шундай фикрни билдирган.
Раббимов Президент Мирзиёев жамиятнинг диний эҳтиёжларини ҳис қилаётгани, уларни қондириш учун давлат сиёсати даражасида имконият излаётганини таъкидлаб ўтган.
“Тошкентда қурилаётган “Ислом цивилизацияси маркази” ҳақидаги репортажни кўрдим. Президент Мирзиёев бу марказга кўп марта келиб, ўз фикрларини билдириб, қарашларини такрорлаб келяпти. Ислом ва мусулмонлар борасида Мирзиёев Каримовдан кескин фарқ қилади.
Каримов жамиятнинг диндорлик даражаси билан курашиб келди, Исломни қолоқлик ва ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш мафкураси сифатида қабул қилди. Мирзиёев эса, ислом динини жамиятни руҳлантириш, жипслаштириш, эркинлаштириш учун восита сифатида кўряпти. Асосийси, Ислом ўзлиги ва анъанавийлигидан ҳайиқмайди. Фақат, диннинг жамият тараққиётига тўсқин бўладиган талқинига рози бўлмайди.
Бу маънода, Мирзиёев Ислом ва мусулмонлар билан курашишга мойил эмас, балки барча эркин ва тараққиётга мойил бўлган мусулмон давлатларидаги каби, радикал талқинларга қарши. Каримовни дунёқараши атеистик СССРда шаклланган эди. Мирзиёевни қарашлари эса, кўпроқ “перестройка” ва каримовча зиддиятлар даврида шаклланди. Асосийси, Президент Мирзиёев жамиятнинг диний эҳтиёжларини ҳис қиляпти, уларни қондириш учун давлат сиёсати даражасида имконият излаяпти. Яқинда қиз-жувонларни ўқув даргоҳларида ўраниб юришини ҳимоя қилувчи шахсни Олий таълим вазири сифатида тайинлаши ҳам, бу сиёсатнинг унсурларидан бири ҳисобланади”, деган сиёсатшунос.
Раббимов сўзида давом этиб, баҳайбат қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази минтақада шу турдаги ягона муассаса эканига эътибор қаратган. У Мирзиёевнинг мақсади Исломни назорат қилиш ва бостириш эмаслигига тўхталиб ўтган.
“Президент Мирзиёевни қарашларига кўра, баҳайбат қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази, бутун Марказий Осиёдаги шу йўсиндаги ягона муассаса бўлиши керак. Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига дахлдорлигини урғуловчи, жамиятга ислом маданияти ва маърифатина тарқатувчи, истиқболда бу борада стратегик ғоялар, лойиҳалар, ёндашувлар ишлаб чиқиш учун ҳам асосий майдонча бўлиши назарда тутилади.
Каримов ҳам “Ўзбекистон ислом университети”га асос солганди, Путинни олиб бориб, динни назорат қилиш технологияси билан мақтанган эди. Лекин, Мирзиёевни мақсади – назорат қилиш ва бостириш эмас, ҳақиқий исломий маърифат, илм ва ўзликни парваришлаш эканлиги кўриниб турибди”, деган Камолиддин Раббимов.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 29 январида Ислом цивилизацияси маркази қурилишини кўздан кечирди. Президент марказ қурилиши бўйича тавсияларини бериб ўтди. Шунингдек, марказнинг келажакдаги роли ҳақида шундай деди:
"Кўпчилик ўйлайди: нима учун Президент иккита Ренессансни эслади, деб. Бу - ғоя, келажакдаги мақсадимиз. Мамлакатимиз интилаётган марралар учун тарихимиздан руҳий куч олишимиз керак-ку! Бу марказ Учинчи Ренессанс пойдеворидан бири бўлишига умид қиламиз. Чунки у илмий, дунёвий, замонавий марказ бўлади".
Тасодифий хабарлар
Қор ёғганидан кейин довонда 4та машина ЙТҲга учради
Жаҳонга коронавируснинг янги турлари хавф солмоқда
Муҳаммад Салоҳ коронавирусга чалинди
Халқаро жиноий суднинг янги раҳбари Путин жавобгарликдан қутулиб қолмаслигини айтди
Президент топшириғи кучга кирди. Ҳокимлар мактаб ва институтларда дарс ўтди