Халқ шоири Абдулла Орипов: Ислом Каримовнинг “Янги уйни қурмасдан эскисини бузма”, деган ўгитига ҳозир бутун дунё амал қилмоқда

Халқ шоири Абдулла Орипов: Ислом Каримовнинг “Янги уйни қурмасдан эскисини бузма”, деган ўгитига ҳозир бутун дунё амал қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "birinchi-prezident.uz" сайтида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг Ислом Каримов ҳақида айтган илиқ фикрлари чоп этилди. Қуйида Халқ шоирининг билдирган фикрини тўлиқ ҳавола этамиз. 

Шарқ халқлари қадим замонлардан доно йўлбошчини орзу қилиб келганлар. Бу орзу ҳар доим ҳам ушалавермаган. Даврлар ўтгач, Ислом Каримов соҳибқирон Амир Темурнинг маънавий вориси сифатида тарих майдонига чиқди. Ўзбекистонни расман ягона давлат сифатида бирлаштирди.

Амир Темур буюк салтанат тузиб, жаҳоннинг деярли ярмини ўзининг тузуклари асосида йўриғига юргизган бўлса, кейинчалик тарихнинг қора кунларида бир неча бўлакка бўлиниб кетган Ватанимизни Ислом Каримов мужассам этди, халқимизнинг ғурур ва ифтихори, маънавий камолоти билан доимий шуғулланди. Халқнинг қаддини ҳам, қадрини ҳам кўтарди. Озод Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг асосий муаллифи бўлди.

Бизнинг мафкурамиз миллий мафкура. Бироқ, миллий мафкура кенг тушунча, у ҳар қандай даврга ҳам тўғри келиши мумкин. Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган миллий мафкурамиз эса, айнан бизнинг давримизга хос бўлгани учун Миллий Истиқлол мафкураси, деб аталди.

Унинг теран тафаккур билан айтилган “Янги уйни қурмасдан эскисини бузма”, деган ўгитига ҳозир бутун дунё амал қилмоқда. У зот, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, деди. Бизга улуғ боболаримиз, халкимиз кадриятларига суяниб яшашдан сабоқ берди.

Биринчи Президентимизда башоратгўйлик — мантиқий равишда келажакни кўра билиш қобилияти бор эди. Бу мистика эмас — илмий иқтидор. У киши, бир иш қилсанг, вазиятдан қандай чиқиш йўлини ҳам ўйлаб қўйгин, дердилар.

Дархақиқат, бу зот халққа ва давлатга, миллатга хизмат қилишнинг бетимсол намунасини намоён этди. Халқни ва мамлакатни оғир асоратлардан олиб чиқди. Эътироф этилганидек, Ислом Абдуғаниевич ҳар доим “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, дер эдилар. Улуғ Йўлбошчимиз ўзидан шундай озод ва обод Ватан қолдирди.

Абдулла Орипов
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

×