Наманганда қиморбозлар пичоқлашгани айтилган видео юзасидан ИИБ ахборот хизмати маълумот берди

Наманганда қиморбозлар пичоқлашгани айтилган видео юзасидан ИИБ ахборот хизмати маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда «Наманган вилояти, Норин туманида бўлганлиги айтилаётган ушбу пичоқлашув - пулга хўроз уруштирадиган қиморбозлар ўртасида юзага келган бўлиши мумкин» изоҳи билан тарқалган видео юзасидан Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати расмий муносабат берди.

2021 йил 30 июльʼ куни соат 12:40 ларда, Норин туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро Б.Н., Норин туманида жойлашган тирик балиқлар сотиш дўкони олдида шу туманда яшовчи таниши, 1992 йилда туғилган фуқаро О.В. билан ўрталаридаги келишмовчилик сабабли автомашина ичида ўзаро жанжаллашиб, ёнида бўлган ошпичоқ билан чап оёқ болдир соҳасига бир маротаба уриб ўртача оғир тан жароҳати етказган.

Ушбу ҳолат бўйича Норин туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 30 июльʼ куни Ўз.Р ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми «м» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Н.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши доирасида мазкур ҳолат иштирокчиларини қиморга хўроз уруштириш билан шуғулланишлари ҳақидаги маълумот мавжуд эмаслиги сабабли, тергов жараёнида ушбу ҳолат, тергов йўли билан текширилиб ҳуқуқий баҳо берилади.

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ушбу фуқароларни қиморбозлар дея таърифлаши учун аввало исбот ва далил бўлмоғи лозим. Шу ўринда хабар тарқатаётганда хабарда берилган изоҳлар аниқ фактларга асосланган эканлигига ишонч ҳосил қилгач, оммага эълон қилишларини сўраб қоламиз. дейилади хабар сўнггида.

×