БАА Эрон билан алоқаларни тўлиқ узди

БАА Эрон билан алоқаларни тўлиқ узди

Бирлашган Араб Амирликлари Эроннинг мамлакат ҳудудига зарбаларига жавобан Теҳрондаги элчихонасини ёпишга ва дипломатик миссия раҳбарини чақириб олишга қарор қилди. Бу ҳақда БАА Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ўз веб-сайтида хабар берди.

“Бирлашган Араб Амирликлари БАА ҳудудига қаратилган Эроннинг ракета ҳужумларига жавобан Теҳрондаги элчихонасини ёпиш ва Эрон Ислом Республикасидаги элчисини, шунингдек, барча дипломатик миссия ходимларини чақириб олишини эълон қилди”, дейилади баёнотда.

Вазирлик Эрон турар-жой массивлари, аэропортлар, портлар ва инфратузилма каби фуқаролик ҳудудларини нишонга олаётганини таъкидлаган. Ислом Республикасининг ҳаракатлари тинч аҳолини хавф остига қўяди ва “миллий суверенитетни ва халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш” ҳисобланади.

28 февраль куни эрталаб Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши ҳужумлари бошланганидан сўнг, Теҳрон Форс кўрфази мамлакатларига ракеталар ва дронларни учирди. Эрон ҳужумлар минтақадаги Америка базаларига қаратилганини даъво қилди.

Кейинроқ БАА Мудофаа вазирлиги 165 та баллистик ракета ва 541 та дроннинг учирилганини аниқлаганини, уларнинг аксарияти ушланганини маълум қилди.

Битта дрон Дубай аэропортига зарба берди ва тўрт кишини жароҳатлади. Бошқа бир дроннинг қолдиқлари дунёдаги энг баланд меҳмонхоналардан бири – Дубайдаги беш юлдузли Бурж Ал Араб минораси яқинида йўқ қилинди.

Бундан ташқари, ҳаво мудофааси тизимлари томонидан уриб туширилган яна бир дроннинг қолдиқлари Жебел Али портидаги тўхташ жойларидан бирида ёнғинга сабаб бўлди. Бу Яқин Шарқдаги энг йирик денгиз порти ва дунёдаги энг йирик сунъий портлардан биридир. У Дубай марказидан тахминан 35 км жануби-ғарбда жойлашган.



Теглар:
×