Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Олий судни танқид қилиб чиққанди. Депутат фуқаролар Олий суд раҳбарияти қабулига кира олмаётганидан норози эканини таъкидлаганди.
Олий суд матбуот хизмати фуқаролар қабули юзасидан муҳокамага сабаб бўлган масалага муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мамлакатда карантин чоралари кучайтирилган кезларда Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги РС-13-20-сонли “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги Қарорига асосан, судларда фуқароларнинг шахсий қабули, шу жумладан, Олий суд раиси ва раис ўринбосарлари қабули махсус буйруқ чиққунга қадар тўхтатиб турилган.
“Айнан карантин чоралари кучайтирилган кезларда шикоят ҳамда аризалар судларга фақат электрон шаклда info@supcourt.uz почта манзили орқали қабул қилинди ва уларнинг амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилиши таъминланди”, дейилади хабарда.
Ўз навбатида, судларга электрон мурожаатлар, шунингдек, Олий суд раҳбарияти қабулига электрон рўйхатдан ўтиш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари портали my.sud.uz орқали ҳам амалга оширилган.
Бинобарин, Олий суд раҳбарияти томонидан фуқароларнинг қабули мутлақо амалга оширилмади, деган иддаолар асоссиз эканини қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди, дея қатор статистик маълумотлар келтирилган.
2020 йил мобайнида Олий суд раҳбарияти томонидан жами 5 896 нафар фуқаро қабул қилинган. Уларнинг 1 876 нафари бевосита Олий судда, 3846 нафари сайёр қабулларда, 174 нафари видеоконференцалоқа тизими ёрдамида қабул қилинган.
Шунингдек, 2020 йил мобайнида Олий суд раиси томонидан 341 нафар (бевосита Олий судда 254 нафар, видеоконференцалоқа тизими орқали эса 87 нафар) фуқаро қабул қилинган.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова томонидан 2020 йил мобайнида 428 нафар (бевосита Олий судда 28, сайёр қабулларда 392 нафар, видеоконференцалоқа тизими орқали 8 нафар) фуқаро қабул қилинган.
Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов томонидан 1 472 нафар (бевосита Олий судда 685, сайёр қабулларда 775 нафар, видеоконференцалоқа тизими орқали 12 нафар) фуқаро қабул қилинган.
Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исаков томонидан эса 2 416 нафар (бевосита Олий судда 113, сайёр қабулларда 2 303 нафар) фуқаро қабул қилинган.
Шунингдек, 2020 йил 4-чорагида Олий суд қабулхонасига ташриф буюрган 631 нафар фуқаронинг ариза ва шикоятлари қабул қилиб олинган ва ушбу мурожаатларнинг қонуний ҳал этилиши таъминланган.
“Кези келганда Олий суд раҳбарияти қабулига кириш тартиби хусусида ҳам алоҳида тўхталмоқчимиз”, дея баъзи тушунтиришлар ҳам берилган.
Мазкур тартибга асосан, шунингдек, ҳар бир судья мустақил эканлиги нуқтаи назаридан холисликни таъминлаш мақсадида Олий суд раисининг қабулига раис ўринбосарининг қабулидан кейин (раис ўринбосарининг жавоб хатидан норози бўлган тақдирда) ўринбосарлар қабулига тегишли судлов хайъатлари томонидан чиқарилган қарордан норози бўлган фуқароларнинг киришлари белгиланган.
“Ушбу тартибдан бехабар айрим фуқаролар ўртасида баъзан тушунмовчиликлар юзага келиши табиий, албатта. Бундай норозиликларни ижтимоий тармоқларда зудлик билан тарқатиб юбориш орқали кенг жамоатчилик ўртасида судларга нисбатан салбий фикрлар юзага келаётганидан ҳам кўз юмолмаймиз”, дейилади баёнотда.
Баёнотда пандемия муносабати билан Олий суд раҳбарияти томонидан фуқаролар қабулини тўлақонли амалга ошириш имконияти бўлмаганлиги, ўз навбатида, айни шу мураккаб вазият сабабли баъзи фуқароларга судга мурожаат қилиши учун ноқулай вазият юзага келганлигини инкор этиб бўлмаслиги таъкидланган.
Тасодифий хабарлар
Мактабларда қишки таътил вақтлироқ бошланади – Халқ таълими вазирлиги
«Нима учун йўқ газга пул тўлаяпмиз?» Маҳалладаги «заправка» сабаб аҳоли хонадонларида газ босими тушиб кетмоқда
Фарғонада фирибгар аёллар фош бўлди
Намангандан қочиб кетган аёл Россияда қўлга олинди
Россия Ғарбга қарши жавоб санкциялари тайёрлади