#FREEABDUKARIM: Журналист Абдукарим Мирзаевга озодлик сўраймиз!

#FREEABDUKARIM: Журналист Абдукарим Мирзаевга озодлик сўраймиз!

Жиноят содир этганликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонлик таниқли журналист Абдукарим Мирзаевнинг ушланганига бугун роппа-роса 10 кун тўлди. Унинг айби исботланмагандан сўнг ҳам у негадир озод қилинмади, Мирзаев миграция хизматининг махсус депортация бўлимига олиб кетилди.

Туркияда магистр даражасини олган таниқли ўзбек журналисти ва режиссёр Абдукарим Мирзаев 10 декабрь 11 декабрга ўтар кечаси Истанбулдаги уйига бостириб келганлар томонидан Кючюкчекмедже полиция бўлимига олиб кетилган. Бироқ иши прокуратурагача етиб бормади, чунки тергов жараёнида Мирзаевнинг уйи тинтув қилинган ва у ердаги буюмлардан бирон бир жиноят аломатлари топилмаган. Ҳатто унинг кўрсатмалари ҳам эшитилмаган.

Истанбул Бош прокурори Мирзаевни гумонланувчи деб топди ва унинг уйи тинтув қилинганлигини ва у Истанбул миграция бошқармасига олиб кетилганлигини таъкидлади. Истанбул Миграция Бошқармаси, Мирзаевни жамоат хавфсизлигига таҳдид қилгани учун депортация қилиш ва бу ҳукм устидан назорат қилишга қарор қилди.

Истанбул Миграция хизмати идораси ўзбек журналисти Абдукарим Мирзаевни «маъмурий назорат тўғрисида» қарорни бажариши учун уни Каталкадаги Бинкилик (GGM) репатриация марказига олиб борган.

«Депортация жараёнини тўхтатиш»га уриниш

Абдукарим Мирзаев ишлаган Регистан ТВнинг баёнотига кўра, журналистнинг адвокати Маҳмуд Саид Арслон мижозига нисбатан чиқарилган депортация ҳукмини тўхтатиш ва маъмурий назоратни тугатиш орқали Мирзаевни озод қилинишини таъминлаш учун қонуний ҳаракатларни олиб борган. Адвокат томонидан маъмурий судга тақдим этилган маъмурий назоратни тугатиш тўғрисидаги аризалар қабул қилинган тақдирда, Абдукарим Мирзаев қўйиб юборилиши мумкин.

“Одатда бундай ишлар олти ойгача чўзилиши мумкин, лекин бу олти ой давомида депортация марказида қолади деган маънони билдирмайди. Билиб бўлмайди, душанба куни ҳам қўйиб юборилиши мумкин, бир ойдан кейин ҳам. Судда ютиб чиқишимизга ишоняпман, чунки бу ўринда Миграция ташкилоти нотўғри иш қиляпти. Абдукарим Мирзаевга нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган, у Туркия қонунчилигни бузмаган, унинг қандайдир жиноят содир этгани бўйича далил ҳам йўқ. Шунчаки унинг телефонидан кимлардир гаплашган, ана ўшалар жиноятга алоқадор бўлиши мумкин, Мирзаев эмас”, деди адвокат.

Ўзбeкистонда ОАВ

Журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаевнинг Туркияда ҳибсга олингани ҳақидаги хабар Ўзбекистон матбуотида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокмаларга сабаб бўлди. Кўплаб ОАВлар ушбу воқеани эълон қилар экан, минглаб фойдаланувчилар Ўзбекистонда кенг тарқалган ижтимоий тармоқларда фикр билдирди. Изоҳларда «Туркиядаги ўзбекларга жиноий жавобгарликни далилсиз тасдиқлаш учун босим ўтказилмоқда», «Туркия-ўзбек алоқалари» каби кўплаб саволлар мавжуд эди.

«Абдукарим Мирзаевга нисбатан Ўзбекистонда ҳеч қандай жиноий иш очилмаган, Туркияда ҳибсга олиш билан боғлиқ ҳодиса Ўзбекистоннинг хабардорлигисиз амалга оширилган, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатни кузатмоқда», дейилади Ўзбекистон Бош прокуратурасига оид баёнотда.

Ватанган қайтариш маркази (GGM) нима?

Ҳуқуқ-тартибод идоралари томонидан бирон-бир сабаб билан ҳибсга олинган чет элликлар Миграция идорасига олиб борилади ва улар жиноятга алоқаси бўлмаган тақдирда ҳам қўйиб юборилмайди. Туркия иммиграция маъмурияти «депортация» жараёнини аслида «меҳмон уйлари» мақомидаги репатриация марказларида «маъмурий назорат остида» ушлаб туради.

Хорижий давлатлар фуқаролари маъмурий маблағларни тежаш билан суд қарори бўлмаса ҳам, бир йилгача айнан шундай марказларда бўлишлари мумкин. Сўнгги вақтларда судлар кўпинча кузатув остида бўлганларни озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилиб, ушбу амалиёт қонунга мувофиқ эмаслигини таъкидламоқда.

Тескари қонун амалиёти: одатдаги амалиёт шундан иборатки, жиноятда гумон қилинган шахс суд қарори билан ҳибсга олинади, GGMда эса, аксинча, прокуратура ва судлар озод этишга қарор қилган шахсларга нисбатан кучга киритилади. Ушбу ҳолат жиноят содир этганлиги аниқланмаган чет эллик шахсларни репатриация марказида уларни “ичкарида сақлаш” амалиёти сифатида талқин этилади.

Туркиядаги муҳожирлар тегишли GGM’ларни шафқатсизлик маконига айланиб кетаётганидан шикоят қилишмоқда. Чунки айрим муҳожирлар GGM марказида бўлган чет элликларга нисбатан ёмон муомала қилинаётганини айтишади. У ерда коронавирус эпидемиясидан ҳимоя ҳам яхши эмаслиги, бир неча ой давомида асоссиз назорат остида ушлаб турилганлигидан муҳожирлар доимий нолиб келишади. Шунингдек айнан марказларнинг бирида муҳожир аёл зўрланганлиги ортидан кўплаб шикоятлар тушганлиги ОАВга маълум.

G-87 (Хавфсизликни чамалаш коди) нима?

Иммиграция маъмурияти тергов қилинмаган бироқ «терроризмда гумон қилинувчи» сифатида олиб келинган чет элликлар учун G-87 чеклов коди ёки шунга ўхшашларни қўллайди. Кодни таъкидлайдиган бўлсак, бу YTS (хорижий террористик фаол) деб номланади. G-87 кодига киритилган чет элликка бирон бир тарзда Туркия мамлакатида яшаш учун рухсатнома берилмайди. У кейинчалик ҳам мамлакатга кира олмайди, ҳатто ўқиш ва расман ишлаш учун рухсатномаси бўлса ҳам. Бу код мамлакатда бўлган кўплаб хорижликлар ҳатто бошланғич мактаб ўқувчиларидан тортиб, кекса хорижликларга ҳам қўлланиб келинади.

Муҳожир ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлари G-87 ва шунга ўхшаш кодлар ўзбошимчалик билан киритилгани ва муҳожирлар бу код ортидан асоссиз депортация қилинаётганини таъкидлайди.

Абдукарим Мирзаев охирги пайтда Истанбулдаги «Регистон ТВ» каналида бош режиссор сифатида фаолият юритаётган эди. Худди шу каналда ишлётган журналист Санжар Саид ҳамкасбининг бошига тушган ишлар аслида англашилмовчилик билан боғлиқлигини айтади.

“Шу йилнинг 28 ноябрь куни Абдукарим Мирзаев Флоряга, яъни денгиз соҳилига оиласи билан айлангани чиққан. Ўша пайтда замонавий кўринишдаги тўртта аёл яқинлашиб – иккитаси 35-40, қолган иккитаси 16-17 ёшларда – Абдукаримдан телефонини бериб туришини, қўнғироқ қилмоқчи эканлигини айтган. Улардан бири 2-3 дақиқа гаплашган.

Шундан кейин Абдукаримнинг телефонига ҳар хил эркаклардан СМСлар, қўнғироқлар кела бошлаган. Абдукарим уларни “тарбияси чатоқроқ шекиллида”, деб ҳам ўйлаган. Қизиғи, ўша аёл қўнғироқ қилганидан кейин яп-янги телефоннинг ишлаши секинлашиб, қотиб қоладиган бўлган.

11 декабрга ўтар кечаси унинг уйига турк хавфсизлик кучлари келиб, тинтив ўтказган, лекин шубҳали ҳеч нарса топа олмаган. Абдукаримни полиция бўлинмасига олиб боришган. Айби йўқлиги исботланган бўлсада, ундан кейин депортация қилиниши учун Миграция бошқармасига топширишган”, дея тушунтирди Санжар Саид.

Мирзаевнинг яқинлари шу пайтгача унинг қўйиб юборилишига умид қилиб, юз берган ҳодисани оммага ошкор этишмаганини айтмоқда. Улар Мирзаевнинг қандайдир айби борлигига ишонмайди.

40 ёшли журналист Сурхондарёнинг Денов туманида туғилган. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган. “Пойтахт” ва “Замин” радиоканалларида, “Ёшлар” телеканалида, “Дийдор” театр-студиясида ишлаган. Асосан фалсафий-тарбиявий руҳдаги чиқишлари билан танилган, бир қатор ҳужжатли фильмлар суратга олган.

Youtube платформасидаги “Йўлдаги одам” каналида унинг 370 мингдан зиёд, телеграмдаги каналида эса 117 мингдан зиёд кузатувчилари бор. Санжар Саиднинг айтишича, охирги икки-уч ой ичида Абдукарим Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги видеолавҳалари янада оммалашиб кетган.

Дунёнинг турли нуқталаридан унга миннатдорчилик билдирганлар, маслаҳат сўраб мурожаат қиливчилар сони кўпайган. У ҳамкасбининг ҳеч қандай диний оқимларга аралашмаганини, ҳеч қандай диний ва сиёсий даъволари йўқлигини таъкидлади.

“Абдукарим ака ҳеч қачон сиёсатга аралашмаганлар, умуман қизиқмаганлар сиёсатга, хоҳиши бўлмаган бунга. Диний мазмунда қандайдир ҳикояни айтиб берадиган бўлсалар, албатта, “Регистон ТВ”даги ёки Ўзбекистондаги домлалардан маслаҳат олганлар. У киши фақат ижодга, кинога қизиқадилар. Туркияга келишимиздан мақсад ҳам ижод эди – Истанбул фильм академиясида ўқимоқчи эдик, лекин моддий имкомиятимиз етмади. Шундан кейин Кастамону университетига ўқишга кирдик”, дейди журналистнинг турмуш ўртоғи Нафиса Омон.

Унинг айтишича, Флорияда Абдукаримдан телефон сўраган аёллар кўринишидан эронлик ёки арабга ўхшаган. Улар фойдалангандан кейин телефон ишламай қолган, телефон компьютерга улангандан кейин унда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Журналист бу ҳолатни хакерларнинг иши деб гумон қилган.

Effect.uz ахборот агентлигининг Туркиядаги манбасига кўра, журналист тез орада бўлиб ўтилиши кутилаётган суддан сўнг озодликка чиқиши мумкин. Бироқ унинг Ўзбекистонга депортация қилиш масаласи ҳақида расмий ташкилотлардан аниқ жавоб йўқ. Катта эҳтимол билан Абдукарим Мирзаев Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин. Ушбу жараён келгусида журналистнинг режаларини барбод қилиб юборади.

Бугун, Тошкент вақти билан соат 14:30да Абдукарим Мирзаев тарафдорлари Твиттерда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга мурожаат йўллашади. Айнан шу вақтда твиттер тармоғи #freeAbdukariM хэштеги билан бойиши кутилмоқда. Телеграмда журналист номига очилган гуруҳда айни вақтда 23 мингга яқин иштирокчи ушбу:

TÜRK'ün dostu TÜRK'tür! Sn. Cb @RTErdogan, Özbekistanlı gazetecı, Kastamonu Üni. YL öğrencisi Abdulkarim Mirzayev suçsuz İstanbulda tutuklu Lütfen dikkatinizi esirgemeyin!

#freeAbdukariM @suleymansoylu @kalin1 @by @hasandogan  @Ahaber @trt @Haberturk @KanalD @tgrt @cnnturk

сўзларни жаҳоннинг энг кўп кузатувда бўладиган твиттер тармоғида улашмоқчи. Бундан мақсад сиёсат ва диний оқимларга ҳеч қандай аралашуви бўлмаган журналистни озод қилиб, вазиятдан Ражаб Тойиб Эрдўған ва мамлакатнинг кўплаб ваколатли шахсларини эътиборини жалб қилиш ҳисобланади.

manba: Effect.uz

×