Мансур ҲАМДАМОВ:
- Эркинлик қадрини ва оила даврасида юришнинг бахтини озодлигим чекланганида чуқур ҳис қилдим. 31 га кирдим, ёшликда қаттиқ адашдим ва жиноят йўлига кириб қолдим. Лекин чин дилдан пушаймонлигим инобатга олиниб, Президентимиз хатойимни афв этдилар.
Бу йилги 8 декабрь санаси мен ва оилам учун унутилмас бўлди. Юртимизда кечиримлилик, бағрикенгликни қамраган қонунчилик ислоҳотлари, инсон омилига қаратилаётган эътиборнинг ижросини ўз мисолимда кўриб турибман.
Наманган шаҳрининг «Беруний» маҳалла фуқаролар йиғини, «Дўстлик» шоҳкўчаси, 5-«А» уй, 6-хонадонда истиқомат қиламан. Юртбошимизнинг фармони билан куни кеча афв теккан 104 нафар фуқаро қатори мен ҳам ҳозир уйдаман. Хонадонимга Наманган шаҳар мутасаддилари - меҳнат, тиббиёт, ички ишлар ва диний идора вакиллари маҳалла раиси билан биргаликда келиб, ҳолимдан ва шароитимдан дарров хабар олишди, кўнглимни кўтаришди. Тезроқ тикланишим ва молиявий жиҳатдан қийналмаслигим учун давлат томонидан ажратилган моддий ёрдам пулини бериб кетишди. Бугун эса соғлигимни назоратдан ўтказиш ва мустаҳкамлаш мақсадида имтиёзли тиббий кўрикка бордим.
Тўғриси, бунчалик ғамхўрликлардан ҳаяжондаман, хижолатдаман ва қарздорман. Муносиб ойлик асосида иш таклиф қилишди. Янги йилгача бироз дам олиб, яқинларим, ота-онам бағрида кўпроқ бўлмоқчиман, чунки уларни жуда соғинганман, байрамни жамулжамликда юқори кайфиятда нишонламоқчимиз. Ҳа, янги йилдан янги ҳаётга қадам ташлайман. Январь ойи бошидан каминага банд этилган иш жойига бориб, кучим етганича жамиятга фойдам тегиши, амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик жараёнларига камарбаста бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Инсон ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадри устувор бўлган тинч диёрда ёшаётганимдан, шахсимга билдирилган ишончдан ғоят хурсандман!
Ҳудудимизда кўп ижобий ўзгаришлар бўлибди. Ҳамма фойдали юмуш билан машғул, дунёнинг ширин ташвишлари ва яхши яшаш билан андармон, ёши улуғларимиз дуода. Ҳаётда қайта қоқилмаслигим ва мени атрофдагилардан алоҳидалаб қўймаётганликлари, самимий муносабатда бўлаётганликлари, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганликлари учун жамики раҳбарлардан, қўни-қўшнилардан, синфдошу устозларимдан, ёру биродарларимдан чексиз миннатдорман. Мени чиройли кутиб олган ва бизга меҳр-оқибат кўрсатаётган барчадан беҳад мамнунман. Йиқилганни суяш ва адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби азалий қадриятларимизнинг амалий ифодасидан қанчалик таъсирланаётганимни ўзим биламан.
«Янги Ўзбекистон» , газетасининг Намангандаги мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинмоқда
Наманганда 20 дан ортиқ фуқарони Жанубий Кореяга жўнатишни ваъда қилиб, 6200 доллар олган шахс ушланди
Фарғонада такси ҳайдовчиси ўзини осмоқчи бўлди. Вилоят ИИБ ҳодиса бўйича расмий маълумот берди
Ҳокимлик ходимлари белгиланмаган вақтда шахсий машиналарида юриши мумкин эмас – Адлия вазирлиги
«Ўзгидромет» навбатдаги шошилинч баёнот билан чиқди