АОКАда тадбир вақтида «свет» ўчди

АОКАда тадбир вақтида «свет» ўчди

Агентлик аввалроқ электр муаммоси ҳақида ёзган ОАВларга огоҳлантириш юборган эди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 7 декабрь куни соат 12:00 лар атрофида электрдан узилди. Оқибатда «Агробанк» фаолияти юзасидан шу вақтда ўтказилиши керак бўлган тадбирни бошлаш кечиккан. Бу ҳақда «Мухбир Далиев» канали хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда электр таъминотидан узилиш муаммоси кескин ошди. Шундай шароитда газ-свет муаммосини ёзгани учун АОКА «Kun.uz»га огоҳлантириш хати юборган, улар қонунчилик талабларига мос келмайдиган ахборот тарқатган деб ҳисоблаган.

Ўзбекистондаги элчихоналар АОКА ҳаракатига муносабат билдириб, агар матбуотда газ ва электр таъминоти хизматларининг ёмон ишлашини жамоатчилик танқид қилса, бу асосли бўлса, матбуот бу ҳақда ёзишга ҳақли эканлигини айтганди.

Кейинроқ АОКА директори Асаджон Хўжаев 3 декабрь куни ўтказилган «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзусидаги давра суҳбатида ОАВлари фаолияти ҳақида ўз фикрини билдириб, нохолис ахборот тарқалишида ОАВ айбдор эмаслигини, агар давлат органлари тезкорлик билан жавоб қайтарса, асоссиз маълумотлар, фикрлар билдирилишига ўрин қолмаслигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг декабрь ойида Тошкентда ТВ орқали жонли эфирда кўрсатилаётган сайлов дебати электр ўчгани сабаб узилиб қолганди. Тадбир иштирокчилари тахминан 5-7 дақиқа давомида чироқсиз қолиб кетган. Бош вазир Абдулла Арипов электр энергияси билан юз берган нохуш ҳолатларни кескин танқид қилиб, бу ҳолатни шармандали деб айтганди.

×