Финландия олтинчи йил энг бахтли давлат мақомини олди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Финландия олтинчи йил энг бахтли давлат мақомини олди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Финландия кетма-кет олтинчи йил дунёдаги энг бахтли давлат деб топилди. Бу ҳақда БМТ топшириғи билан экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган йиллик Жаҳон бахтлилик ҳисоботида келтирилган.

Финландия таъқибчилардан сезиларли фарқ билан яна биринчи ўринни эгаллаган. Энг бахтли давлатлар учлиги ўзгаришсиз қолиб, иккинчи ва учинчи ўрин Дания ва Исландига насиб этган. 

Биринчи ўнталик ичида Исроил энг юқори ўсишни қайд этди – у тўққизинчи ўриндан тўртинчи ўринга кўтарилди. Голландия, Швеция, Норвегия, Швейцария, Люксембург ва Янги Зеландия ўнликни якунлаб берди.

Россия янгиланган рейтингда 80-ўриндан 70-ўринга кўтарилди. Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон 44-ўрин, Ўзбекистон 54-ўрин, Қирғизистон 62-ўрин, Арманистон 79-ўрин, Тожикистон 80-ўринни эгаллаган.

Шунингдек, бошқа давлатлардан АҚШ 15-ўринда, Германия 16-ўринда, Буюк Британия 19-ўринда жойлашган. Франция кучли йигирматаликдан пастга шўнғиб, 21-ўринга тушиб кетди. Рейтингда сўнгги ўринларни Афғонистон ва Ливан эгаллаб, мос равишда 137 ва 136-ўринларни олган.

Жаҳон бахтлилик индекси 2012 йилдан бери ҳар йили нашр этилади. Уни тузишда тадқиқотчилар аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш даражаси, ўртача умр кўриш давомийлиги, фуқароларнинг эркинликларини ҳурмат қилиш, меҳнат хавфсизлиги, коррупция даражаси каби кўрсаткичларни, шунингдек, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларини ҳисобга олади. У уч йил давомида йиғилган ўртача кўрсаткичларга асосланади.

Рейтингнинг эълон қилиниши 20 март куни нишонланадиган Халқаро бахт кунига бағишланди. Ҳисоботда айтилишича, коронавирус пандемиясининг уч йилида одамлар бу йилдагичалик бахтли бўлмаган.


Теглар:
×