Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Telegram каналида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналарни олиш учун аввалдан 85 фоиз тўлов қилиш масаласини танқид қилди.
Ҳамма биладики, UzAuto Motors дилерлари билан автомашина сотиб олишда шартнома қийматининг камида 85 фоизини олдиндан тўлаш талаблари кўрсатилган.
Монополистнинг истеъмолчига диктовкаси шу қадар кучлики, ҳеч ким нега 85 фоиз олдиндан тўлов қилишим керак ўзи, деб сўраб ҳам ўтирмайди.
Машина пули тўлангач, миниб кетилса-ку, майли, лекин пули тўлангач, ойлаб машина чиқишини кутсанг ҳам 85 фоиз пул тўлаш қайси ақлга сиғади?
Амалдаги қонунчиликка кўра, шартнома шартлари кучга кириши учун 15 фоиз олдиндан тўлов кифоя. Бу меъёрлар бундан 25 йил аввалги фармонда белгилаб қўйилган.
Айтишингиз мумкин, фармонда олдиндан тўловнинг энг кам миқдори 15 фоиз этиб кўрсатилган. Демак, 50 фоиз ҳам, 85 фоиз ҳам, ҳатто 100 фоиз ҳам мумкин деб. Ҳа, шундай, лекин қонунга кўра бу томонларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга кўра, товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади.
Лекин сиз UzAuto Motors билан 15 фоиз олдиндан тўлов шартларида автомашина сотиб олиш учун шартнома тузишга уриниб кўринг. Қонун бўйича бунга ҳақли бўлсангиз ҳам асло бунинг иложи йўқ, чунки улар монополист диктовкаси билан тузилган шартноманинг битта ҳарфини ҳам ўзгартиришмайди. Нега? Чунки у монополист.
Энди сиз масалан, мебель сотувчи билан шартнома тузинг, шартноманинг ҳар бир бандини сотувчи билан муҳокама қилиб, ўзаро келишув асосида белгилайсиз, бемалол 15 фоиз олдиндан тўлов билан мебель буюртма қила оласиз. Чунки сизда мебель олишда танлов бор.
Шунга шунчами, дейсизми? 85 фоиз олдиндан тўлов бу UzAuto Motors учун текин кредит, сиз учун эса ортиқча тўлов аслида.
Масалан, ўтган ҳафтада 2021 йил июнь ойида автомашина чиқариш шартларида Labo автомашинаси сотиб олиш учун шартнома тузиши мумкин эди (ҳозир салонларда Labo’га шартнома қолмаган).
Яъни 85 фоиз тўлов қилган харидор Labo’ни 8 ой кутади (яна +30 кун ҳам қўшилган). 76 миллион сўмлик Labo’нинг 85 фоизи 65 миллион сўм бўлади. Ваҳоланки, харидор Labo олишга шартнома тузиш учун 65 миллион сўм эмас, 11 миллион тўлашга тўла ҳақли. Йўқ, UzAuto Motors монопол шартларини тиқиштириб, бунга асло рози бўлмайди. Натижада харидорнинг 54 миллион сўм пули 8 ойга музлайди. Агар шу пулни харидор энг паст ставка йиллик 14 фоиз устама билан банк депозитида 8 ой сақласа, камида 5 миллион сўм қўшимча даромадга эга бўлган бўларди. Бу дегани ўша 76 миллион сўмлик Labo харидорга 76 миллион сўм эмас, камида 81 миллион сўмга тушяпти.
Харидордан олдиндан 85 фоизлик тўлов олган UzAuto Motors нима қилади, аввало ўзининг пулига эмас, харидорнинг пулига автомашина ишлаб чиқаради, яна банклардаги депозитларда бир неча ой сақлаш эвазига даромад ҳам кўради.
Дарвоқе, Монополияга қарши кураш қўмитаси UzAuto Motors АЖ автомашиналари таннархини ҳисоблаганида харидорлардан 85 фоизлик тўлов ҳисобига йиғилган маблағларни монополистнинг банк депозитларига жойлаштиришдан олинган миллиардлаб даромадларни инобатга олганмикан?
Маълумот учун: UzAuto Motors (GM Ўзбекистон АЖ) 2011 йилга қадар ҳам 15 фоиз олдиндан тўлов шартларида шартномалар тузиб келган.
Депутат сифатида Монополияга қарши кураш қўмитасидан UzAuto Motors АЖ дилерларидан автомашина сотиб олишда 85 фоизлик олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги қонунчилигимизга мувофиқлиги масаласини ҳам алоҳида ўрганиб чиқишни сўраб қоламан. UzAuto Motors АЖ эса олдиндан 85 фоиз тўлов эвазига шаклланган миллиардлаб бепул маблағлар ҳисобидан эга бўлаётган қўшимча даромадлари қай йўналишда сарфланаётганини очиқласа, ёмон бўлмасди.
Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Эслатиб ўтамиз, депутат Расул Кушербаевнинг аввалги танқидлари ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йилнинг июль ойида UzAuto Motors АЖга нисбатан иш қўзғатган. Қўмита компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган.
Қўмитанинг 2020 йил 19 август куни ўтказилган йиғилишида махсус комиссия томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлаган. Унга кўра, автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани аниқланган. Қўмита нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган.
Мазкур ўрганиш натижалари омма учун эълон қилингач UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилишини билдирган. Кейинчалик компания Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани маълум бўлган.
Расул Кушербаев бунга ўз муносабатини билдириб, «Кўрамиз, суд бу ишни қанчалик мустақил кўриб чиқиб, қонунларга асосан қарор қабул қиларкан. Шунча қийинчилик билан халқ розилиги учун бошни кундага қўйиб қилинаётган ишдан ҳафсала пир бўлмасин-да, ишқилиб», — дея ёзганди.
UzAuto Motors ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги суд жараёни 2 октябрь куни бошланган, 9 октябрда ўтказилган суд мажлисида UzAuto Motors товарлар нархини шакллантириш махфий ҳужжатларга асосланганини билдирган ва суд 16 октябрдаги мажлисда ишни ёпиқ тартибда кўришни бошлаган.
23 октябрда бўлиб ўтган суд мажлисида UzAuto Motors четдан олиб келинган бутловчи эҳтиёт қисмларнинг нархи ошиши, хорижий валюта курси ошиши таннархларни шакллантиришида таъсир қилишини таъкидлаб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу ҳолатни ҳисобга олмаганини билдирган. Бунга жавобан қўмита вакиллари текшириш давомида бир неча маротаба ҳужжатлар тақдим этиш сўралганида компания томонидан тегишли ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, текшириш муддати якунланишига кам вақт қолганлиги сабабли умумий ҳисоб-китоблар танлов асосида ўрганиб чиқилганлиги маълум қилган.
Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30-октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди.
Суд жараёнлари орасида UzAuto Motors компанияси турли баёнотлар қилиб, Монополияга қарши курашиш қўмитасини ОАВга босим ўтказаётганликда айблади. Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса UzAuto Motors’ни давлат органига нисбатан ахлоқий меъёрлардан чиқмаган ҳолда мулоҳаза юритишга чақирди. Якунда UzAuto Motors’нинг мазкур айблови ўз тасдиғини топмади. Расул Кушербаев суднинг мазкур қарорига муносабат билдириб, «Янги Ўзбекистондаги эски Ўзбекистонга ‘ғалаба’ муборак», — деб ёзган.
24 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ҳамда Бекмирза Эшмурзаев Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасига импорт машиналар бож тўловига оид депутатлик сўрови юборган. Мазкур сўровга Давлат божхона қўмитаси махфий жавоб қайтарган.
Тасодифий хабарлар
Президент фармони: пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирлар тасдиқланди
Президент машина учун олдиндан тўланадиган пулни камайтиришни топширди
Ўғлини ҳимоя қилган ота жанжал туфайли вафот этди
Уй бекалари учун ҳам келажакда пенсия олиш имконияти яратилади
Ўзбекистон ўтган йилда хориждан қанча бензин сотиб олди?