Ўзбекистонда янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

Ўзбекистонда янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан қуйидаги нотариал ҳаракатлар жорий этилиши мумкин:

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш (гувоҳларни сўроқ қилиш, ёзма ва ашёвий далилларни кўздан кечириш ва гувоҳлантириш, экспертиза тайинлаш, интернет тармоғидаги далилларни таъминлаш);

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, шу жумладан мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариши;

яратилган муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаши. Бунда тақдим этилган ҳужжатнинг тасдиқланган бир нусхаси нотариал идорада, иккинчи нусхаси муаллифда сақланади ва низо келиб чиққан вақтда муаллифлик ва турдош ҳуқуқ эгасини аниқлашда асос ҳисобланади.

2020 йил 1 январидан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда коммунал хизматлар учун қарздорликни фақат Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали онлайн режимда текшириш тартиби ўрнатилган ҳолда коммунал ташкилотлардан бундай қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш талаби бекор қилинади;

битимлар бўйича тарафларнинг тўлов мажбуриятларини бажариши ихтиёрий равишда нотариус депозити орқали амалга оширилади. Бунда, кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда муайян қарздорликлар аниқланганда уларни тегишли маблағни нотариус депозитига ўтказиш орқали тўлаш ёки уларнинг асослигини текшириш имконияти мавжуд бўлади;

битимларни нотариал тасдиқлашни тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идораларда туриб видеоконференцалоқа режимида амалга ошириши мумкин;

очиқ ахборот тизимига жойлаштирилган нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлмаган юридик ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатнинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади ва фуқаро тегишли давлат органи ёки мансабдор шахсга мазкур ҳужжатларни қоғоз шаклини тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади;

республика ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар асосида нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ушбу аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар тақдим этилмасдан ноёб рақами орқали очиқ ахборот тизимида уларни текшириш мумкин;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш истагини билдирган шахсга нотариал идорага нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган ҳужжат нусхаларини электрон тармоқ орқали олдиндан жўнатиш йўли билан электрон навбат олиш ва тегишли ҳужжатларни тайёрлаб қўйиш имконини берувчи хизмат жорий қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёрдамида электрон мурожаат йўллаш орқали идоравий нотариал архивда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг электрон имзо билан тасдиқланган нусхасини олиш имконини берувчи хизмат тақдим этилади.

Судларда иш ҳажмини камайтириш ҳамда нотариусларнинг ижро хатларидан фойдаланиш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида
2020 йил 1 январдан бошлаб:

а) давлат божини тўлашдаги қуйидаги имтиёзлар бекор қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига берилган палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб суд буйруғини бериш тўғрисида судга даъволар киритилганда, агар улар шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган бўлса;

хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотларига берилган мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш бўйича нотариус томонидан ижро хатлари амалга оширилганда.

б) гаров (ипотека) шартномалари бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда юзага келган қарздорлик нотариусларнинг ижро хатларига асосан сўзсиз ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

а) 2020 йил 1 январгача, эксперимент тариқасида, соҳага замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда камида 2 тадан ва Тошкент шаҳрида камида 5 та нотариал идораларида нотариал идорага келмасдан туриб:

мол-мулкни тасарруф этиш билан боғлиқ бўлмаган битимларни (ижарага, текин фойдаланишга бериш шартномаларни, бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномаларни), ижро хатларини, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлаш электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда расмийлаштиришни;

аризаларни (прописка қўйишга розилик, вояга етмаган фарзандни чет элга чиқишга розилик аризаларини ва мажбуриятномаларни) электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ҳамда видео конференция орқали расмийлаштиришни жорий этсин;

Бунда, масофадан хизмат кўрсатиш орқали расмийлаштирилган ҳужжатнинг асл нусхасини буюртмачига курьер орқали етказиб бериш имконияти таъминланиши йўлга қўйилади.

б) эксперимент натижалари асосида 2021 йил 1 январга қадар ушбу амалиётни барча нотариал идораларига татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифларни киритади.

×