Наманганда «Нориндарё» кўприги фойдаланишга топширилди

Наманганда «Нориндарё» кўприги фойдаланишга топширилди

Наманган вилоятининг Норин туманини вилоят маркази билан боғловчи “Нориндарё” кўприги фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимияти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фарғона ҳалқа йўлининг 98-километрида жойлашган Норин дарёси устидан ўтган автомобиль кўприги ҳаракатланиш жорий йил 24 апрель куни тўхтатилганди. Бунга 1962 йилда барпо этилган кўприкда кузатилган дарз ва ёриқлар сабаб бўлганди.

Андижон ва Наманган вилоятларини автомобиль йўли орқали ўзаро боғлайдиган Норин дарёси устидан ўтган мазкур иншоот 6 ой давомида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси мутахассислари томонидан реконструкция қилинди. Бунинг учун 8,3 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Кўприк 2 тасмали автобиль йўлидан иборат бўлиб, ундан 1 соатда 834 та, суткасига эса 20 мингдан ортиқ автомобиль ўтказиш имконияти мавжуд.

Реконструкциядан сўнг мазкур кўприкнинг эни қарийб 1,5 метрга кенгайтирилиб, икки четида пиёдалар учун йўлаклар ҳам қурилди. Йўлакларнинг ён қисмига баландлиги 1 метр 15 сантиметрлик темир панжаралар ўрнатилди. Ҳозирда кўприкнинг узунлиги 275, эни 10, баландлиги эса 7 метрни ташкил этмоқда.

Норин ҳамда Уйчи туманларига ўтиб қайтадиган пиёдаларнинг кечки пайтда ҳам кўприкда бемалол ҳаракатланишларини таъминлаш учун 13 та электродиодли ёритгичлар ўрнатилди.

   Маълумот учун, 160 мингдан ортиқ аҳолига эга Норин тумани фуқаролари вилоят марказига қатнаш учун 6 ой давомида Учқўрғон ва Балиқчи туманлари орқали айланиб боришига тўғри келган.

Кўприкни фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов иштирок этди.

“Халқимизда “Кўприк қурганнинг савоби улуғ” деган нақл бекорга айтилмаган. Бугун фойдаланишга топширилаётган иншоотни тубдан реконструкция қилиш Президентимиз қарорлари билан амалга оширилди. Ушбу кўприк халқимизга кўп йиллар давомида хизмат қилади деган умиддаман”, — деди Шавкатжон Абдураззақов.

Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, янги кўприк орқали автомобиллар ва йўловчилар ҳаракатланиши бошлаб берилди.

×