Қачон ва қандай бой бўламиз? Танзила Нарбаева Тўрақўрғонга борди (фото+видео)

Қачон ва қандай бой бўламиз? Танзила Нарбаева Тўрақўрғонга борди (фото+видео)

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева 2020-2022 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишиш мақсадида Наманган вилояти Тўрақурғон туманига борди. Ушбу ташрифни Effect.uz ахборот агентлиги ходимлари ёритиб борди.

Нарбаева ташрифи давомида бир қатор тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишилиб, уларнинг муаммоларига ечим топиш илинжида бўлди.  Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда туман аҳолиси 227,4 минг кишини ташкил этади. Жами оилалар сони 59,9 мингта, шундан камбағал оилалар сони 1271 та.

Сенат Раиси даставвал тумандаги “Дилрабо СДА” МЧЖ томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида бўлди. Мазкур текстил корхонасида 700 та янги иш ўрни яратилган. Трикотаж маҳсулотлари асосан Россияга экспорт қилинади. Эндиликда эса АҚШга ҳам экспорт қилиш режалаштирилган. Яқинда Туркия ва Хитой давлатларидан 200 минг АҚШ долларлик янги ускуналар олиб келинди.

“Сенат Раиси корхонамизга келиб, иш жараёнимиз билан танишгани, таклифларимизга қулоқ тутгани бизга янада кўпроқ шижоат бағишлади. Икки йил аввал вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу ҳудуддаги қаровсиз турган эски мактабнинг биноси ноль қиймат қилиб берилди. Кўриб турганингиздек, янги бинолар қурдик. Замонавий асбоб-ускуналар келтириб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Ҳозирда ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашни мақсад қилдик, деди “Дилрабо СДА” МЧЖ корхонаси раҳбари Маъсуда Содиқова.

Олий Мажлис юқори палатаси Раиси ушбу корхона фаолияти билан танишар экан кластерлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўзида хом-ашёдан тортиб тайёр маҳсулотгача етиштириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун эса барча шароит яратилиши, қўшимча ер ажратилиши билдирилди. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ишчиларнинг фарзандлари учун мактабгача таълим муассасаси қуриш ва унга етакчи мутахассисларни жалб қилиш борасида таклифлар илгари сурилди.

Навбатдаги манзил: Тўрақўрғон тумани “Исвахон” маҳалласи. Ушбу ҳудудда жойлашган россиялик инвесторлар томонидан ташкил этилган “RuNamtex” МЧЖ фаолияти ҳамда умумий қиймати тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига 1,5 млн. АҚШ доллари бўлган 2-босқич тўқув, тикув трикотаж лойиҳаси билан танишилди.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришга хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ижобий томонлари кўп. Масалан, янгидан-янги технологиялар қўлланиладиган мазкур жараёнда маҳсулотлар тури ва ҳажми ортади, ўзаро ҳамкорлик туфайли мамлакатнинг экспорт салоҳияти тобора юксалиб боради. Муҳими, янги иш ўринлари яратилади. Фаолияти бошланганига бир неча ой бўлган “RuNamtex” МЧЖ хорижий корхонаси ҳозирнинг ўзида 100 нафарга яқин хотин-қизларни иш билан таъминлади. Истиқболда улар сони яна шунчага кўпайиши кўзда тутилган.

Айни пайтда 6 хил ўлчамда замонавий тўшак ёпқичлари, 3 ўлчамда сочиқ ва 8 турда “футболка”лар ишлаб чиқарилаётган мазкур корхонада Хитойдан келтирилган юқори самарали дастгоҳлар ўрнатилган. Маҳсулотларнинг барчаси эса экспортга чиқарилмоқда.

Сенат Раиси мазкур корхонада фаолият юритаётганларнинг иш жаарёни, яратилган шароит ва турмуш тарзи билан қизиқди ҳамда суҳбат қурди.

Тўрақўрғон туман, “Оқтош” МФЙда жойлашган “Оқтош текстил” МЧЖ – Сенат Раисининг навбатдаги ташриф манзили бўлди. “Оқтош текстил” МЧЖ томонидан сочиқ тўқиш ва тикув цехни ва корхонанинг 2-бочқич лойиҳаси ҳамда қурилиш жараёни ва ускуна сотиб олиш учун 4,5 млн. АҚШ доллари кредит маблағалари ажратиш масаласи кўриб чиқилди.

Ўз фаолиятини 2013 йилда бошлаган ушбу муассасада ҳозирда 400 нафар киши меҳнат қилади. Маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилган. Шу жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида 4,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Экспортлар асосан Россия, Польша, Украина давлатларига амалга оширилади. Ушбу янги лойиҳа рўёбга чиқарилиши натижасида қўшимча 1200 та янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган.

Ускуна сотиб олиш учун 4,5 млн. АҚШ доллари кредит маблағлари ажратиш масаласи қўйилган. Сенат Раиси ушбу муаммони ўрганиб чиқиб, ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатма берди.

Жумладан, “Рубин БИА” корхонасида бўлди. Замонавий темир бетон ва армо каркас қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган ушбу корхонада 15 та иш ўрни яратилган. Йилига 35-40 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Сенат Раиси мазкур муассаса фаолияти билан танишиб, қурилиш материалларини сифатли ишлаб чиқаришга жиддий қараш зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, тадбиркорнинг Ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил қилиши учун ер ажратиш борасидаги мурожаати ҳам кўриб чиқилиб, ҳал этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Бундан ташқари, Танзила Нарбаева Тўрақўрғон тумани “Калвак” МФЙдаги “Абдусалом равнақи” МЧЖ фаолияти билан танишди.

Таъкидлаш жоизки, “Абдусалом равнақи” МЧЖ томонидан чет элдан қайтган ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш ҳамда мебел саноати ривожлантиришдаги масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирда ушбу корхонада ёғоч ва НДФ материалларидан эшик ва ромлар, мактабгача таълим муассасалари учун шкаф, стол-стуллар, тиббиёт муассасалари учун мебел анжомлари тайёрланяпти. Бугунги кунда 14 та иш ўрни яратилган.

Тадбиркор Муҳаммадшариф Қосимов ҳовлисида иш олиб бораётгани ва жой торлиги учун ер сўраган эди. Туман ҳокимлиги томонидан қўшимча ер ажратилиб, ҳозирда қурилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Мебел фабрикаси кенгайтирилиши натижасида яна 20-30 нафар киши иш билан таъминланиши режалаштирилган.

Шунингдек, ёшларга ҳунар ўргатиш мақсадида тумандаги касб-ҳунар коллежидан ҳам жой ажратиш борасидаги таклифи Сенат Раиси томонидан қўллаб-қувватланди ва бу масалани ҳал қилиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди.

“Бу жуда ўринли таклиф, боиси, умумтаълим мактаби битирувчилари олий таълимга ўқишга киргани нур устига аъло нур. Бироқ талабаликка ўтолмаганлар нима билан машғул бўлади? Айниқса, ўғил болаларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадга мувофиқ. Зотан, ҳунарли киши хор бўлмас. Яна бир жиҳат, ишлаб чиқариш жараёнида чет эл тажрибасини ўзлаштириш, рақобатбардош, бозор жозибадорлигини оширишга эътибор қаратиш ҳам муҳим аҳамият касб этади”, деди Сенат Раиси.

Манба: Effect.uz

×