Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 10 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Қатар миллий терма жамоасига қарши баҳсини стадиондан томоша қилди.
“Бунёдкор” стадионида ўтган ўйинни кўришга борган Ўзбекистон етакчисига оиласи, хусусан, тўнғич қизи ва Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева, ўғли Миралишер Мирзиёев ҳамда набиралари Миромон, Саодатхон ва Шавкат, шу билан бирга, Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Болгария Президенти Румен Радев ва Словакия Бош вазири Роберт Фицо, шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун келган Марказий Осиё мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари ҳамроҳлик қилди.
Ўйиннинг 28-дақиқасида Азизбек Турғунбоев супер гол уриб, ҳисобни очди. Биринчи бўлим тўлиқ “оқ бўрилар” устунлигида ўтди. 33-дақиқада меҳмонлар вакили Абдулазиз Ҳатим қўполлик учун сариқ карточка олган бўлса, орадан 7 дақиқа ўтиб, 40-дақиқада Бассам ал-Рави ҳам Аббосбек Файзуллаевга қарши қоидани бузгани учун сариқ карточа билан “сийланди”. Бўлим давомида ўзбекистонликлар яна бир нечта қулай вазиятга эга бўлди, бироқ ҳисоб бошқа ўзгармади.
Иккинчи бўлим ҳам мезбонлар устунлигида бошланди. Бир неча ҳужумлар уюштирилди. Бироқ ўйиннинг 62-дақиқасида супер гол муаллифи ва баҳсни яхши ўтказаётган Азизбек Турғунбоев жароҳат олди. Шу сабабли унинг ўрнига Жамшид Искандеров майдонга туширилди. Бўлимнинг 67-дақиқасида қатарликлар футболчиси мезбон жамоа футболчисига қарши қўполлик ишлатди. Мазкур вазиятда ҳакамга норозилик билдиргани учун меҳмонлар сардори Акром Афиф сариқ карточка олди. Бироздан кейин эса ўрнини жамоадошига бўшатиб берди. Юқори темпда давом этаётган баҳснинг 84-дақиқасида Одилжон Ҳамробеков ва Жалолиддин Машарипов ўрнига Ҳожимат Эркинов ва Абдурауф Бўриев майдонга туширилди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, 86-дақиқада эса Элдор Шомуродов ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Голни мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бевосита стадиондан туриб нишонлади. Орадан кўп ўтмай, 91-дақиқада Шомуродов ўрнига майдонга тушган Игорь Сергеев ҳисобни йирик кўринишига келтирди – 3:0. Ўйин шу тариқа якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 июндаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани, ёш авлодни спортга меҳр ва миллий ғурур руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳи мукофотланган эди. Ўйиндан кейин ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди. Давлат раҳбари қаҳрамон спортчиларга фахрий унвон, орден ва медалларни топширди. Шунингдек, терма жамоа аъзолари ва мутахассисларига BYD автомобиллари совға қилинди.
Тасодифий хабарлар
Пенсия тайинлашда ўзгаришлар бўлади
Эртага Ўзбекистонда яна қор ёғади
Ўзбекистонда “болалар нафақаси”, “суюнчи пули” ва бошқа ижтимоий тўловлар бўйича ўзгариш бўлди
Махачев чемпионлик камари учун жангга киришмоқчи
Онлайн рейтингда Ўзбекистон ҳавоси энг ифлос давлат деб топилди