Наманганда келинини урган қайнотага нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Наманганда келинини урган қайнотага нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати Янгиқўрғон туманида оилавий жанжал оқибатида келинини урган ва унга тан жароҳати етказган қайнотага нисбатан жиноят иши очилганини хабар қилди.

Воқеа 2020 йилнинг 10 июлида содир бўлган, 1957 йилда туғилган эркак ўз уйида 1986 йилда туғилган келини билан жанжаллашган. Оғзаки тортишувдан бошланган жанжал муштлашувга айланган ва эркак келинини уриб, унга тан жароҳати етказган.

Ҳолат бўйича Янгиқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 11 август куни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Келинини урган ва унинг соғлиғининг қисқа вақт (олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга) ёмонлашувига сабабчи бўлган қайнота базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввал Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 66 ёшли фуқаро 37 ёшли келинига шафқатсиз муомалада бўлиб, доимий равишда зулм ўтказгани ва ўзини ўзи ўлдириш даражасига олиб боргани (аёл танасининг 95-98 фоизи куйган ва у 2019 йил 20 декабрь куни вафот этган) учун 4 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилганди.

×