Ўзбекистон умумий аҳолисининг деярли ярми ва кам таъминланган оилаларнинг учдан бир қисми ижтимоий ҳимоя дастурлари билан таъминланмаган͘. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш бўйича қўшма ҳисоботида қайд этилди.
Ҳисобот жамоатчилик, айниқса, кам таъминланган оилалар, ижтимоий нафақа олувчи кишилар, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар, ёшлар, норасмий ишловчилар ҳамда ишсизлар фикрини аниқлаш мақсадида эълон қилинган.
Унда айтилишича, Ўзбекистон Совет Иттифоқидан бандликни таъминлаш, болалар парваришини қўллаб-қувватлаш ва қариликда кафолатли даромадни таъминлаш тамойилларига асосланган кенг қамровли ижтимоий ҳимоя тизимини мерос қилиб олган бўлса-да, ҳозирги кунга келиб, мамлакатда ижтимоий ҳимоянинг расмий таърифи қабул қилинмаган. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя дастурларини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва бошқариш бўйича ихтисослашган муассаса мавжуд эмас.
«Ижтимоий ҳимоя функциялари турли вазирликлар ва муассасаларга тақсимланган ва ушбу вазирликлар ва муассасаларнинг ҳеч бири бутун тизимни тўлақонли қамраб олмайди ва шунинг учун ижтимоий ҳимоя бўйича турли дастурларни ўзаро мувофиқлаштиришга жавобгар эмас.
Мисол учун, Молия вазирлиги Пенсия жамғармаси пенсия тақсимоти учун жавобгар ва ижтимоий ёрдам дастурлари харажатларини назорат қилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бандлик ва меҳнат бозорининг фаоллаштириш дастурлари учун жавобгар бўлиб, ижтимоий ҳимоя соҳасида умумий сиёсатни белгилаш ваколатига эга. Соғлиқни сақлаш вазирлиги соғлиқни сақлаш билан боғлиқ дастурларни амалга оширади, кексалар ва ногиронларга хизмат кўрсатади. Халқ таълими вазирлиги эса кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини турли буюмлар билан таъминлаш мақсадида бир неча кичик дастурларни амалга оширади.
Бундай ҳолат жиддий ташвиш туғдириши табиий, чунки халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки алоҳида бир дастурни кучайтириш бутун тизим ёки ижтимоий ёрдам олувчилар нуқтаи назаридан оптимал бўлмаслиги мумкин ва бунда бутун тизимни комплекс ислоҳ этиш талаб этилади», — дейилади ҳисоботда.
Унда, шунингдек, Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя тизими билан боғлиқ қуйидаги муаммолар санаб ўтилган:
- Ўзбекистонда ижтимоий суғурта, ижтимоий ёрдам ва меҳнат бозорини фаоллаштириш дастурларидан иборат бўлган, нисбатан аниқ шакллантирилган ва кенг қамровли ижтимоий ҳимоя тизими мавжуд, аммо умумий аҳолининг деярли ярми ва кам таъминланган оилаларнинг учдан бир қисми ижтимоий ҳимоя дастурлари билан таъминланмаган͘.
- 2018 йилда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич Европа ҳамда МДҲ мамлакатларидаги ижтимоий ҳимоя сармояларининг ўртача даражасидан анча паст.
- Аҳолининг кўп қисми ҳалигача ижтимоий таъминотга эриша олгани йўқ: банд аҳолининг қарийб 60 фоизи норасмий секторда бўлиб, бадал тўлашни назарда тутувчи ижтимоий суғурта дастурларида қатнашмайди.
- Ижтимоий ёрдам дастурлари етарлича қамровга эга эмас. Масалан, илгари болалар нафақалари барча болали оилаларга қаратилган бўлса, бугунги кунда улар фақат кам таъминланган оилаларга йўналтирилади.
- Кам таъминланган оилаларнинг аксарияти нафақаларни тайинлашнинг жуда қатъий талабларига жавоб берсалар ҳам, кўп ҳолатларда нафақаларни турли сабабларга кўра олиш имкониятига эга эмас.
- Ҳозирги кунда меҳнат бозорини фаоллаштириш дастурларининг аҳолини қамраш даражаси чекланган бўлиб, улар асосан жамоатчилик ишлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва ўқитиш дастурларидан иборат. Сўнгги пайтда бандликни қўллаб-қувватловчи фаол ва пассив дастурлар учун давлат харажатлари ошган бўлса-да, қамров сезиларли даражада пастлигича қолмоқда.
Фуқаролар ҳисобот натижалари билан танишиб, қуйидаги ҳавола орқали ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириши мумкин. Фикр ва таклифлар таҳлил қилиниб, тегишли вазирлик, идоралар, халқаро ташкилотларга тақдим этилиши маълум қилинган.
Аввалроқ ЮНИСЕФнинг «Ўзбекистонда болалар ва ёшлар манфаатларига мос ижтимоий ҳимоя тизимини қуриш» мавзусидаги ҳисоботи эълон қилинганди.
Тасодифий хабарлар
Икки кунда яна 6 киши пневмония қурбони бўлди, пневмониядан даволанаётганлар сони коронавирус беморларидан кўп
Ўқувчиларга бепул тушлик бериш учун пул ажратилади
Пандемиянинг иккинчи тўлқини ҳали тугамаган — ЖССТ
Алишер Усмонов қайси металл келажак “олтини” бўлишини айтди
Ўзбекистонда “Chevrolet Cobalt” моделини ишлаб чиқариш тўхтатилади