Ўзбекистонда локдаун эълон қилинадими?

Ўзбекистонда локдаун эълон қилинадими?

Ўзбекистонда Россиядагидек локдаун эълон қилинмайди. Бу ҳақда бугун, 23 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди. 

“Бугунги кунда ҳеч қанақа локдаун ҳақида гап бўлиши мумкин эмас ва барча ҳаракатлар шунга қаратилган. Шу кунларда Россия Федерациясида касалланиш ҳолатлари кўтарилгани юртимизда ҳам касалланиш даражаси ошиши эҳтимолини пайдо қилади. Лекин бизнинг чегараларда назорат ҳар қачонгидан ҳам кучайтирилган бўлиб, юртимизга 72 соатлик ПЦР тести топширилган ҳолдагина четдан кириш мумкин. Борди-ю, фуқароларда тест бўлмаганда, чегарада экспресс-тест топширилади”, дейди Баҳодир Юсупалиев.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг таъкидлашича, локдаун ҳолатининг олдини олишнинг яна бир йўли жамоавий иммунитетни шакллантиришдир. Бунинг энг самарали усули оммавий эмлаш ҳисобланади.

“Агар биз аҳолининг камида 60 фоизини эмлай олсак, жамоавий иммунитетни шакллантирган бўламиз. Шунда бизга ҳеч қандай локдаун хавф сола олмайди. Ҳозирга келиб, эмланиши лозим бўлган 21 миллион нафардан ошиқ аҳолининг 13 миллион нафари биринчи доза вакциналарини олиб улгурди”, деган Баҳодир Юсупалиев.

Эслатиб ўтамиз, айни кунгача мамлакатда жами 24 909 801 доза вакцинадан фойдаланилган. Эмлаш жараёнларида фойдаланилаётган жами вакцина 34 951 358 дозани ташкил қилмоқда.

×