Бугун кўплаб соҳалар қатори мамлакат мудофаа тизимида ҳам ислоҳотларнинг янги босқичи самаралари кўзга ташлана бошлади. Миллий армияни ислоҳ қилишга қаратилган ёндашувлар ҳам тубдан ўзгарди. Бунда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига баландпарвоз шиорлар эмас балки, амалий ҳаракатлар билан ёндашилмоқда. Хусусан, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда, деб ёзадиЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Каримов.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил 12 мартда ўтказилган видеоселекторда мазмун ва моҳият нуқтаи назаридан миллий руҳимиз, шонли тарихимиз ва ватанпарвар аждодларимизга муносиб бўлган қасамёд матнини тайёрлаш мақсадида бундан 27 йил аввал қабул қилинган «Ҳарбий қасамёд» матнини қайта кўриб чиқиш, бунда ҳарбий хизматчилар онгига Ватанга, ҳарбий бурчга содиқлик ҳиссини янада чуқурроқ сингдириш, шунингдек амалдаги «Ҳарбий қасамёд» ўрнига «Ватанга қасамёд»ни жорий қилиш учун ҳуқуқий асослар яратиш бўйича таклифлар илгари сурилган эди.
Ушбу таклифларнинг амалдаги рўёбини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланди.
Қонун лойиҳаси билан «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3- ва 39-моддаларига ҳарбий қасамёд ўрнига Ватанга қасамёд матнини мустаҳкамловчи нормаларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари иштирокида янгидан ишлаб чиқилган «Ватанга қасамёд» матни асос қилиб олинди. Янги Ватанга қасамёд матни депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, халқ ва армия бирлигини таъминлашда, Ватанга садоқат деган муқаддас ғоя атрофида халқимизни жипслаштиришда айнан Она юртга - Ватанга қасамёд келтиришнинг беқиёс аҳамияти тўғрисида ижобий хулосалар берилди.
Шунингдек, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди ва миллий руҳимиз, шонли тарихимиз ва ватанпарвар аждодларимизга муносиб ворислар бўлишга ундайдиган қасамёд матнини баён этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ватанга қасамёд матнида давлат тимсоли бўлмиш байроқнинг муқаддаслигини улуғлаш, буюк аждодларимизни қадрлаш, Қуролли Кучлар сафига кираётган ёшларнинг Ватан олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаётгани, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига, президентига бир умр содиқ бўлишга, Ватан мустақиллигини, унинг сарҳадлари дахлсизлигини, халқининг тинчлиги ва осойишталигини, миллий манфаатларини сўнгги нафасигача ҳимоя қилишга, Ўзбекистон Республикасига қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли ҳаракатларга қарши аёвсиз курашишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва умумҳарбий низомларига қатъий амал қилишга, давлат ва ҳарбий сирларни сақлашга, қуруқликда, сувда, ҳавода – ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчини виждонан бажаришга, эл-юртининг юксак ишончини оқлашга тантанали равишда қасамёд қилиши каби ниятлар мужассам этилган.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тез кунларда биринчи ўқишда кўриб чиқилиши кутилмоқда, деб ёзади депутат
Тасодифий хабарлар
Халқ билан юзма-юз
Ўзбекистон Франциядан 150 млн евро қарз олади
«Lokomotiv» klubi Ignatiy Nesterovni jamoaga qaytarmoqchi
Тошкентдаги боғлар энди тун-у кун ишлайди
Намангандаги иккита ЙТҲда 3 киши вафот этди, яна 8 киши оғир тан жароҳатланган