Бугун, янги ҳафтанинг биринчи иш кунини эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилидан бошлади.
Хусусан, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар давлат раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилди.
Тадбир иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Президентимиз пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётганини айтди. Жумладан, охирги тўрт кунда мамлакат бўйича янги аниқланган 2 136 нафар беморнинг 1 218 таси (яъни, 57 фоизи) пойтахт ва Тошкент вилоятига тўғри келади.
Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморларни инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда даволаш муассасаларига қабул қилиниши белгиланди.
Шавкат Мирзиёев таъкидланидек, бугундан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади.
Хусусий клиникаларга ҳам бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилди ва ҳозирда уларнинг рўйхати тузилмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЦР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради.
Йиғилишда таъкидланидек, 103 телефон рақамига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилди, мурожаатларнинг асосий қисми келиб тушадиган вақт оралиғида (соат 18:00 дан 24:00 гача) энг тажрибали операторлар хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.
Чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пульсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда. Бош вазирга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берилди.
Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.
Коронавирусни даволаймиз деб, деярли барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари тўлдириб ташланди, деди давлат раҳбари. Натижада сурункали касаллиги бор беморлар малакали тиббий хизматдан деярли маҳрум бўлди.
Муасаддиларга сурункали касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналардаги коронавирусга чалинган беморларни бошқа жойларга, шу жумладан хусусий клиникаларга кўчириш орқали сурункали хасталиги бор беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини қайта тиклаш чораларини кўриш топшириғи берилди.
Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Президент қайд этганидек, бугунги кунда республика ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган ҳар қандай харажат устувор равишда пандемияга қарши кураш тадбирларига қаратилиши шарт. Бундан муҳим харажатлар бўлиши мумкин эмас.
Шаҳар ва туман хокимлари 24 соат давомида ҳар бир касалхонадаги вазиятни жиловлаб туришга масъул ҳисобланади ҳамда уларни узлуксиз ва муаммосиз ишлашига шароит яратиб беришига жавобгар деб белгиланди.
Барча сектор раҳбарлари иш кунини эрталабдан ўз ҳудудларида касалхоналардаги аҳволни ўрганиш билан бошлаши қатъиян белгиланди.
Ҳар бир раҳбар бугунги кунда фуқароларимизнинг соғлигини сақлаб қолишдан муҳим вазифаси йўқлигини англаши шарт, деди Шавкат Мирзиёев.
Тасодифий хабарлар
Карантин чоралари қайта кучайтирилади
ОАВга дронлардан фойдаланишга рухсат берилади
Сирдарёда фуқароларни муттасил қийнаб келган ИИБ ходимларига суд ҳукми ўқилди
АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусийларга зарба берди: ҳужум тафсилотлари
Божхона инспектори хизмати эвазига 400 доллар олаётганида қўлга олинди