Йигити ташлаб кетган қиз ўзини ўлдирмоқчи бўлди

Йигити ташлаб кетган қиз ўзини ўлдирмоқчи бўлди

Тошкентнинг Яккасарой туманида 9 қаватли уйнинг 8-қаватидан ўзини ташламоқчи бўлган қиз қутқарилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди

Воқеа 13 сентябрь куни соат 09:30 лар атрофида юз берган. Шу уйда яшовчи киши бунга гувоҳ бўлиб, зудлик билан ИИБга хабар берган ва улар 5-6 дақиқада етиб келган. Қиз кўп қаватли уй подъезди 7 ва 8-қаватлари ўртасидаги деразанинг ташқарисида бўлган.

У ўзини ташлаш билан қўрқитиб, ҳеч кимни ёнига яқинлаштирмаган ва музокара олиб боришдан бош тортган. 40 дақиқа давомида 8-қаватда қолиб кетган қиз вақт ўтган сари ҳолдан тойиб борган. Яккасарой тумани 1-сон ИИБ бошлиғи уни тинчлантириш мақсадида мулоқотга киришган. Биринчи навбатда, нима бўлганини сўраганида қиз рус тилида «яшагим келмаяпти, йигитим ташлаб кетди», — деб жавоб берган.

Шундан сўнг ИИБ ходими йигитининг телефон рақамини олган ва у билан гаплашиб, шундай ҳолат бўлганини, етиб келишини тушунтирган. Қизга эса ҳаммаси жойида бўлишини, йигит келиб кечирим сўрашини айтиб, тинчлантирган. Шу пайт унинг бўшашганини кўрган ИИБ ходими телефонни ташлаб, қизнинг қўлидан ушлаб олган. Бир неча ИИБ ходимлари ёрдами билан у деразадан чиқариб олиниб, қутқарилган.

Хабарда айтилишича, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган фуқаро 1994 йилда туғилган, Сергели туманида яшовчи Луиза исмли қиз бўлган. У кучли руҳий тушкунлик таъсирида ўз жонига қасд қилишга уринган.

Аёл билан суҳбатлашган психологнинг қайд этишича, у ичкиликка ружу қўйган бўлган. Ўзини ташламоқчи бўлган кунда ҳам ичкилик таъсирида бўлган.

×