Косонсойда ўз қариндоши қўйларини ўмарган шахсга ҳукм ўқилди.

Косонсойда ўз қариндоши қўйларини ўмарган шахсга ҳукм ўқилди.

Косонсойлик Вохид Назиров 20 ёшда, қариндоши Носир Пўлатов 25 ёшда. Айни навқирон ёшида бўлган бу икки қариндош қишнинг чилласида бошларини қашлаб қаердан пул топишни ўйлаб қолишди. 

-Менга қара, Низом амакиваччамда бир қанча қўйлар бор, шулардан 5-6 тасини бирор жойга олиб бориб қўйиб, кейин пуллаворсакчи,-деди Вохид Носирга. Сен жойни ва машинани гаплашиб қўй, кечқурун бориб олиб келамиз, бунақа фикр ҳадеб келавермайди. Носир ҳам ўзидан кичик боланинг бу бемаза таклифига рози бўлди ва эртасига тумандаги Мудофаа бўлими олдида кўришиб, бир фуқаронинг “Москвич” русумли машинасида амакиваччанинг қўйхонасига боришди. қўйларни юклаётганда машина ҳайдовчиси уларга бу қўйлар ўғирлик эмасми дегансаволига эса икковлари “ўзимизнинг боғдан, чўпонга боқтиргани олиб бориб берамиз”-деган мазмундаги жавобни беришди-ю, барибир ҳайдовчининг кўнгли бироз ҳижил бўлиб қолди. 

Ҳартугул “Москвич”га 5 бош қўй сиғдирилди ва аввалдан келишиб қўйилган танишлари Йўлдошхоннинг уйига олиб бориб ташлашди. Йўлдошхонга ҳам бу қўйларни боқиб бериб туришликни, зарурият бўлса сотишларини айтиб ўтишди. 

Низомжон мевали боғида деҳқончилик қилиш билан бирга чорвачилик билан шуғулланар, одатда чорва ҳайвонлари турган жойни эшигини қулфлаб кетарди. Эртаси куни келганида, қўйхона эшигидаги қулф бузилиб, 5 бош қўйлар йўқлигинини кўрган. Шу заҳоти туман ИИБ га хабар бергач, орадан ҳеч қанча ўтмай қўйларини “туя қилганлар” ўзининг қариндошлари эканлигини билиб ҳайрон қолди ва наҳотки-дея олди холос. Ички ишлар ходимлари зудлик билан суриштирув ишларини олиб борганликлари, қидирув услублари иш бериб дарҳол икки шоввозни изига тушишди ва қўйларни қаерга яширдинглар деган саволга дарҳол жавобни олишди. 

Суд адашган кимсаларга жазо тайинлашда айбларига тўлиқ иқрор ва пушаймонлигини, оилавий шароитларини, жабрланувчига етказилган зарар қопланганини, яшаш жойидан ижобий тасифланганини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, муқаддам судланмаганликларини, келгусидаги тақдирларини алоҳида эътиборга олиб, уларга нисбатан жарима жазоси тайинлашни лозим топди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандларида назарда тутилган жиноятини содир этганликда айбли деб топиб, ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Биз ҳам юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб уларнинг исм-шарифларини ўзгартирдик. 

Энди бу кимсалар қариндоши тугул бегонанинг ҳам мулкига кўз олайтирмасалар бўлди. 

Хуршидбек ЗОКИРЖОНОВ,  Косонсой тумани прокурорининг ёрдамчиси

Манба: "Наманган ҳақиқати" газетаси

×