Ўзбекистонда 21 июнь куни қисман қуёш тутилиши кузатилади

Ўзбекистонда 21 июнь куни қисман қуёш тутилиши кузатилади

Шу йилнинг 21 июнь куни Ер юзи аҳолиси қизиқарли астрономик ҳодисалардан бири – ҳалқасимон қуёш тутилишини кузатиши мумкин. 

ФА Астрономия институти хабарига кўра, ушбу тутилиш тўлиқ шаклдаги ҳалқасимон тутилиш ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида қуёш юзасининг 99,4 фоизини ташкил қилади. Қуёш тутилиши тўлиқ фазасининг давомийлиги 38 секундга тенг бўлади.

Ушбу астрономик ҳодиса Африка, Арабистон ярим ороли, Евросиё, Япон ва Малай архипелаги ҳамда Австралия ҳудудларида жойлашган 111та давлатда кузатиш мумкин.

Бу давлатлар ичида (Конго Республикаси, Конго Демократик Республикаси, Марказий Африка Республикаси, Судан, Жанубий Судан, Эфиопия, Саудия Арабистони, Эритрея, Яман, Уммон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Тайван) 14та давлат аҳолиси тўлиқ шаклдаги ҳалқасимон қуёш тутилишини кузатиш имконига эгалар.

Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудида қисман қуёш тутилиши кузатилади. Қуёш тутилиши энг катта қийматига эришган вақтида республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида яъни, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида қуёш юзасининг 39 фоиздан 50 фоизгача бўлган қисми, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида эса қуёш юзасининг 58 фоизгача бўлган қисми Ой томонидан тўсилади. Республиканинг энг жанубий ҳудуди – Термиз шаҳрида эса бу қиймат 63 фоизгача етади. 

Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 10:01да бошланади, максимум фазаси эса 11:24да кузатилади. Шу пайтда Ой қуёш юзасининг 51 фоизини тўсади ва бу вақтда қуёшнинг горизонтдан баландлиги 68 даражани ташкил қилади. Тошкент шаҳрида қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соат 49 дақиқани ташкил этади. Соат 12:51да қуёш тутилиши якунига етади. Ушбу қийматлар фақат Тошкент шаҳри учун ҳисобланган бўлиб, тутилишнинг бошланиши, максимал қиймати ва тугаши мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам шунга яқин вақтларда ва қийматларни акс этган ҳолда юз беради.

Ҳалқасимон қуёш тутилиши деб қуёш юзасининг маркази Ой томонидан тўсилганида соя атрофида ингичка ёруғ ҳалқа ҳосил бўлишига айтилади. Қуёш тутилишининг ҳалқасимон бўлиши Ой ва Ер орасидаги масофанинг одатдагига нисбатан каттароқ бўлиши билан изоҳланади. Ой Ерга қанчалик яқин пайтда тутилиш бўлса қуёшнинг шунчалик катта қисми тўсилади.

×