Ижтимоий тармоқларда Хитойда қотил қовоғарилар чиққани ҳақидаги видеолар кенг тарқалди. Бунга Хитойда тадқиқот олиб бораётган биолог Бахтиёр Шералиевннг қуйидаги изоҳи билан танишишингиз мумкин.
Ушбу савол сўнгги кунларда менга жуда-жуда кўп юборилмоқда. Бу ари ёки қовоғари Хитойдан тарқалгани иддао қилинмоқда ва уни коронавирусдан ҳам хавфли дейишмоқда. Хўш, аслида бу қандай ҳашарот ва у нега энди кун тартибига чиқиб қолди?
Бу ўзи қандай ҳашарот?
Ижтимоий тармоқларда ваҳимаси тарқалаётган видеоларда катта эҳтимоллик билан Осиё гигант қовоғариси (Vespa mandarinia) ҳақида сўз бормоқда. Бу ҳашарот пардақанотлилар (Hymenoptera) туркумининг ҳақиқий арилар (Vespidae) оиласига киради. Ўлчами бўйича дунйодаги энг йирик қовоғари ҳисобланади. Узунлиги 45 мм.гача, қанотини ёйгандаги кўндаланг ўлчами 75 мм.гача, нишининг узунлиги эса 6 мм.гача етади.
2019 йилнинг декабр ойида ушбу қовоғари АҚШда илк бор қайд этилди. Жорий йилнинг май ойи бошларига келиб эса инглиз сайтлари қовоғари ҳақида ёза бошлади.
Қаерларда учрайди?
Ушбу қовоғари Осиё қитъасининг жанубий, жанубий-шарқий қисмидан то Россиянинг Узоқ шарқ минтақасигача бўлган ҳудудларда яшайди. Уни табиий ҳолда Ҳиндистон, Бангладеш, Хитой, Тайван, Лаос, Таиланд, Мянма, Ветнам, Непал, Япония, Корея давлатлари ҳудудида учратиш мумкин. Ушбу ҳашарот табиатда – тоғли ҳудудлардаги ўрмонларда яшайди. Асосан бошқа ҳашаротлар, айниқса, колония ҳосил қилувчи ҳашаротлар билан озиқланади.
У чиндан ҳам заҳарлими? Бир чақишда одамни ўлдирадими?
Ҳа, бу ҳашарот ҳақиқатдан ҳам заҳарли, ушбу қовоғари заҳари нейротоксик хусусиятига эга бўлиб, уни мандаратоксин дейишади. Одамни чаққанида аллерген реакция чақиради ва анафилатик шок ҳолати юзага келади, баъзан юрак тўхташига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу эса мана шундай ҳашаротларнинг чақишига аллергияси борлар учун жуда хавфли ҳисобланади. Лекин бу ари бир чақишда одамни ўлдиради деган хулосани бермайди. Одам ўлиши учун ушбу қовоғарининг камида 40-50 таси бирданига чақиши керак бўлади.
Бу қовоғари чақишидан йилига нечта одам ҳалок бўлади?
Япония статистикасига қарайдиган бўлсак, 2001 йилдан бери мамлакат ҳудудида турли пардақанотлилар чақишидан ҳалок бўладиганлар сони 12-26 та оралиғида бўлар экан, лекин булар орасида айнан Осиё гигант қовоғариси чақишидан ҳалок бўлганлар камчиликни ташкил қилади. 2013 йилда Хитойнинг Шаанхи провинциясида айнан мана шу қовоғари чақишидан 41 киши вафот этгани қайд қилинган.
Нима қилиш керак?
Агар ҳолатга илмий ёндашадиган бўлсак, бу қовоғари бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ, у камида миллион йиллар аввал пайдо бўлган ва мана шу ҳудудларда яшаган. Одатда то бир биологик тур яшаш ареали бошқа тур, масалан бу ерда одам томонидан эгаллаб олинмагунгача турлар бир-бирига зарар келтирмайди. Табиат мувозанати мана шундай ишлайди. Табиийки, Ер юзида одамлар сони ошгач, улар яшаш жойи ва экин экиш учун янги ерларни ўзлаштира бошладилар. Мана шу жараёнда ушбу қовоғариларнинг яшаш муҳити ҳам одамлар томонидан ўзлаштирилди ва натижада улар одамлар билан тез-тез тўқнашадиган ҳолат юзага келди. Оқибатда эса қовоғари чақишидан ҳар йили нечадир одам ҳалок бўлмоқда.
Мен биолог сифатида бунга нормал ҳолат деб қарайман. Ҳар бир турда табиат томонидан берилган ўзини ҳимоя қилиш инстинкти бор. Айни вақтда қовоғарилар ҳам шу инстинктидан фойдаланмоқда. Қовоғари чақмасин десангиз унинг ҳудудларига борманг, инига чўп суқманг, табиатга камроқ таъсир ўтказинг, шунда қовоғари чақмайди, жонингиз ёнингизда қолади.
Тасодифий хабарлар
“Мактабда волейбол ва баскетбол майдончаларини қуришни режалаштирган, аммо экин экиб боғ қилишмоқда”
Путин G20 нинг онлайн саммитида иштирок этиши айтилди
Алмазбек Атамбоев ҳибсдан озод этилди (видео)
Шавкат Мирзиёев: «Яқинда яна кўплаб ректорларни ишдан оламиз»
Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича антирекорд янгиланди