Президентимиз “Афсоналар водийси”га борди

Президентимиз “Афсоналар водийси”га борди

Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” маданият ва истироҳат боғи ҳудуди 155 гектар. Мазкур дам олиш масканида 123 миллион долларга тенг лойиҳа амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида ушбу истироҳат боғида бажарилган ишлар билан танишди, дам олувчилар билан мулоқот қилди.                   

Давлатимиз раҳбари 2018 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида “Афсоналар водийси” маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан танишган ва уни энг замонавий талаблар асосида барпо этиш зарурлигини таъкидлаганди. Ўтган йилги ташрифи доирасида қурилиш ишларини кўздан кечириб, уни тез ва сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берган эди.

Шу давр мобайнида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳозирда қисман ишга туширилган маданият ва истироҳат боғи тўлиқ фойдаланишга топширилса йилига 600 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Айни пайтда 16 турдаги аттракционли тематик парк, 2400 ўринли амфитеатр, 7 хил сув аттракционлари ва 16 та бассейнли аквапарк, 2 та замонавий шаршара ва мусиқали фаввора, 3 та ресторан, 1800 ўринли 2 та автотураргоҳ ташкил этилган. 2022 йил март ойига қадар миллий ҳунармандлар маркази, масжид, 400 ўринли меҳмонхона, 110 та виллани ишга тушириш режалаштирилган.

1 минг 500 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган бу масканда бугунги кунда 600 нафар ишчи-ходим фаолият юритмоқда.

- Икки йил олдин мана шу боғ лойиҳаси билан танишиб, унга “Афсоналар водийси” деб ном беришни таклиф қилгандим. Номига муносиб  бўлибди. Мамлакатимизда бу каби замонавий дам олиш масканларини ҳали кўплаб барпо этамиз, - деди давлатимиз раҳбари.



×